Тил масаласида ортиқча эҳтиросга берилмасдан, вазминлик билан иш тутиш керак – Мирзиёев

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбек тили байрами ҳамда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табригида ҳар қандай халқ учун ўта ҳассос ва таъсирчан бўлган тил масаласида ортиқча эҳтирос ва ҳиссиётларга берилмасдан, узоқни ўйлаб, вазминлик билан иш тутиш кераклигини таъкидлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

“Ўзбек тилининг беқиёс имкониятларини юзага чиқариш, унинг жаҳон миқёсида нуфузи ва жозибадорлигини ошириш учун ҳали олдимизда кўплаб вазифалар турибди. Аввало, юксак тараққий этган демократик давлатларда бўлгани каби давлат тили бутун жамиятни, тили ва миллатидан қатъи назар, барча фуқароларни ягона халқ сифатида бирлаштиришга хизмат қилиши зарур. Бу борада ҳар қандай халқ учун ўта ҳассос ва таъсирчан бўлган тил масаласида ортиқча эҳтирос ва ҳиссиётларга берилмасдан, узоқни ўйлаб, вазминлик билан иш тутиш кераклигини ҳаммамиз яхши англаймиз”, дейди Мирзиёев.

Президент, шунингдек, кейинги йилларда ўзбек тилини рақамлаштириш борасида жиддий натижаларга эришилаётганлиги ҳақида тўхталиб ўтган. Хусусан, ўзбекча матнларни сунъий интеллект ёрдамида қайта ишлаш ва ўзбек тилида мулоқот қилишга мўлжалланган “ақлли” дастур ишлаб чиқилиб, “Ўзбек тили изоҳли луғати”нинг веб-сайти яратилгани, айни пайтда ўзбек тилидаги матнларни таҳрир қилиш, уларни лотин ва кирилл ёзувига ўгириш ва сўзларнинг луғавий маъносини кўрсатишга мўлжалланган электрон дастурлар ҳам амалиётда фаол қўлланаётганини айтган.

“Муҳтарам юртдошлар! Сизларни бугунги қутлуғ байрам билан яна бир бор табриклаб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, ишларингизда янги ютуқлар, хонадонларингизга тинчлик ва фаровонлик тилайман. Ўзбек тилимизнинг бойлиги, куч-қудрати янада зиёда бўлсин!”, деган Президент ўз табриги сўнгида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида маиший чиқиндиларни қайта ишлаш, улардан электр энергияси ва маҳсулот ишлаб чиқариш лойиҳалари тақдимоти билан танишиш давомида заводлар мамлакатнинг ҳаёт-мамотини ҳал қиладиган масалалардан бири эканини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбек тили байрами

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг