Тихановская эрининг қамоқда ўлгани ҳақида аноним хабар олганини билдирди
Олам
−
05 Июль 2023
11730Беларусь мухолифати етакчиси Светлана Тихановскаянинг айтишича, унга мухолифатчи эри ҳибсда вафот этгани ҳақида аноним хабар келган.
Машҳур блоггер ва мухолифат фаоли Сергей Тихановский 2020 йилда президентликка номзодини қўйиш ва авторитар етакчи Александр Лукашенко билан рақобатлашиш режаларини эълон қилганидан кейин ҳибсга олинган эди.
Эри ҳибсга олинганидан сўнг, Светлана Тихановская унинг ўрнига ўз номзодини илгари сурди.
Расмий сайлов натижаларига кўра, Лукашенко олтинчи муддатга қайта сайланган, бироқ мухолифат ва Ғарб сайловларни сохталаштирилган деб таърифлаган.
Сайловлардан кейин содир бўлган мисли кўрилмаган норозилик намойишлари фонида Тихановская ҳукумат босими остида мамлакатни тарк этди. Кейинроқ унинг турмуш ўртоғи тартибсизликлар уюштирганликда айбланиб, 19 ярим йилга қамалган.
Тихановская кеча, 4 июль куни “Associated Press” агентлигига март ойининг бошидан бери эридан ҳеч қандай хабар йўқлигини айтди.
“Мен у ҳақида ҳеч нарса билмайман. Мен бирорта ҳам хат олмадим ва унинг адвокати орқали ҳеч қандай алоқа бўлмади”, дейди Тихановская “Associated Press” саволларига ёзма жавобларида.
Унинг қўшимча қилишича, унда аноним хабарнинг ҳақиқат эканлигига далил йўқ, лекин расмийлардан “Сергейнинг тирик эканлигига далил келтиришини ва унга кўрсатишни” талаб қилган.
Беларусь расмийлари вазиятга изоҳ бермади.
“Весна” Беларусь инсон ҳуқуқлари ташкилотининг билдиришича, ҳозирда мамлакатда 1500 га яқин сиёсий маҳбус бор.
Маълумот учун, 2020 йил 9 август куни Беларусда бўлиб ўтган, Лукашенко олтинчи бор ғалаба қозонган президентлик сайловларидан сўнг мамлакатда мухолифатнинг оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтган. Мухолифат Тихановскаяни президентлик сайловларида ғолиб деб ҳисоблаган. Бироқ унга қарши қатор жиноий ишлар очилган ва у террорчилик фаолиятига алоқадор шахслар рўйхатига киритилган. Жорий йилнинг март ойида эса Минск шаҳар суди Светлана Тихановскаяни сиртдан 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган. Тергов унга бир вақтнинг ўзида ўнта айблов қўйди: унвон ва ҳокимиятни рухсатсиз тортиб олиш, миллий хавфсизликка қарши ҳаракатларда хорижий давлатга ёрдам бериш, ҳокимиятни эгаллаб олиш учун фитна уюштириш, нафрат уйғотиш, экстремистик тузилма яратиш, МСК ишига тўсқинлик қилиш ва бошқалар.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь