“Ўзмиллийбанк” Жиззах бўлими янги биноси фойдаланишга топширилди
Бизнес
−
19 Ноябрь 2019
4681Ташқи иқтисодий фаолият “Ўзмиллийбанк” Жиззах бўлимининг тўрт қаватли замонавий биносини фойдаланишга топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Унда вилоят, шаҳар ҳокимликлари, ТИФ “Ўзмиллийбанк” республика бошқаруви раҳбарияти, тадбиркорлар, шаҳар жамоатчилиги вакиллари иштирок этди. Тадбирда ушбу банк вилоят бўлими ташкил топган чорак асар даврда ҳудуд иқтисодиётини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшиб келаётгани алоҳида таъкидланди.
Биргина шу йилнинг ўтган даврида банк Жиззах бўлими 49 та лойиҳага 352,7 миллиард сўм кредит ажратди. Ҳозирги кунгача ушбу лойиҳаларнинг 21 таси ишга туширилиб, 2 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди.
Жумладан, банкдан “Арнасой голден текс” масъулияти чекланган жамиятига ажратилган 30 миллиард сўм кредит ҳисобига 323 та иш ўрни яратилди.
Давлат дастурида белгиланган устувор йўналишларга мувофиқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашда қулай, тезкор ва самарали молиявий тизимларни жорий этишга эътибор қаратаётган банк бўлими ўз маблағидан ташқари, хорижий молия институтларининг кредит линияларидан ҳам самарали фойдаланмоқда.
Масалан, “Агромир” МЧЖ томонидан интенсив боғ, мева, сабзавот етиштириш ва қайта ишлашга ихтисослашган Даштобод логистика марказини ташкил этиш учун 8,4 миллион долларлик лойиҳани амалга оширишга Осиё тараққиёт банки маблағи ҳисобидан 5 миллион долларлик кредит берди. Ушбу лойиҳа амалга оширилиши билан 60 та янги иш ўрни яратилди.
Айни пайтда ушбу банк кредитидан фойдаланиб хориждан замонавий техника ва технологиялар олиб кириб, ўз бизнесини ривожлантираётган, мамлакатимиз иқтисодиёти равнақига салмоқли улуш қўшаётган тадбиркорлар сафи кенгайиб бораётир.
Вилоятда банкнинг вилоят бўлимидан ташқари, Мирзачўл туман, Жиззах саноат ҳудудий филиаллари фаолият кўрсатмоқда.
Мамлакатимизда банклар ўртасида ошиб бораётган рақобат шароитида мижозларга қулай ва юқори сифатли банк хизматларини кўрсатиш фаолиятининг энг муҳим йўналиши сифатида такомиллаштирилмоқда.
– Стратегик режаларимизга мувофиқ ривожланган мамлакатлар банклари тажрибасини ўрганган ҳолда қурилган бино замонавий хизмат технологиялари билан жиҳозланди, – дейди ТИФ “Ўзмиллийбанк” вилоят бўлими бошқарувчиси Акмал Боқиев. – Янги бинода мижозларга сифатли хизмат кўрсатиш учун барча қулайликлар мавжуд. Бўлимимиз жамоаси яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиб мижозларга янада тезкор ва сифатли хизмат кўрсатади.
Янги бинони фойдаланишга топширишга бағишланган тантанали тадбирда Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев сўзга чиқди.
Реклама ҳуқуқи асосида
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь