Тиббиёт ходимининг ишига аралашганлик учун жазо тайинланади

Жамият

image

Ўзбекистонда тиббиёт ходими фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда. Бу бўйича “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Лойиҳага кўра, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси тиббиёт ходимининг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик, яъни тиббиёт ходимининг тиббий ёрдам ёки тиббий хизмат кўрсатишига тўсқинлик қилганлик, худди шунингдек тиббиёт ходимининг тиббий ёрдам ёки тиббий хизмат кўрсатишига тўсқинлик қилиш мақсадида унга ноқонуний топшириқлар берганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи янги модда билан тўлдирилмоқда.

Мазкур модда билан айбланганларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 7 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 7 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш белгиланмоқда.

Шунингдек, Жиноят кодексига безорилик жиноятини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахсга ёки унинг яқин қариндошларига нисбатан содир этилиши, шу жумладан, тиббиёт ходимларига безорилик оқибатида тажовуз қилганлик учун жавобгарликни оғирлаштирилишини назарда тутувчи ўзгартиш киритилмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши шифокорлик касбининг мақоми ва нуфузини ошириш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтиришга, хусусан давлат томонидан тиббиёт ходимларини турли тажовузлардан ҳимоя қилинишини таъминлашга, фуқароларга ўз вақтида ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатилишига, тиббиёт ходимларининг касбий фаолиятига турлича аралашувларни олдини олишга хизмат қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

110

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг