Тез ёрдам ҳайдовчилари жаримага тортилмоқда. Улар видеомурожаат билан чиқди
Жамият
−
09 Январь 2023
12290Тошкентда тез ёрдам ҳайдовчилари қоидабузарликлар учун жарима қоғозлари келаётгани сабаб видеомурожаат билан чиқди.
“Чақирув бўйича ҳаракатланган вақтимизда тезликни ошириш, “полоса”ни босиш, қизил чироқда ўтиб кетганлик учун жарима қоғозлари келяпти. Жарималарнинг суммаси катта, бунга бизнинг ойлигимиз ҳам етмайди. Жарималар ҳаракатимизни чеклаб қўяпти. Шунинг учун ўз вақтида етиб боролмасак ҳар хил гап-сўзлар қилмасликни илтимос қиламиз”, дейилади видеомурожаатда.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига кўра, тез тиббий ёрдам автомобилининг ҳайдовчиси Йўл ҳаракати қоидаларининг 25-банди асосида белгиланган тартибда айрим қоидаларнинг талабларидан четга чиқиши мумкин.
“Бундай ҳолатда махсус камералар орқали автомобиль қайд этилган тақдирда кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажарганликни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилганда, ҳайдовчиларнинг маъмурий қоидабузарлиги охирги зарурат ҳолатларида содир этилган деб топилади ва маъмурий иш ушбу кодекснинг 271-моддасига мувофиқ тугатилади”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ҳолат батафсил ўрганилмоқда. Натижаси бўйича қўшимча маълумот берилади.
LiveБарчаси