Термиздан Салжуқийларга оид олтин динори топилди

Маданият-санъат

image

Термиздан Қорахонийлар ва Салжуқийлар даврига оид кулолчилик буюмлари, олтин динори топилди. Топилма музейга топширилди Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги хабар берди. 

Қайд этилишича, Термиз тумани Дўстлик маҳалласида яшовчи Улкан Эралиев боғни суғориш чоғида ердан сариқ металл парчасини топиб, Термиз археология музейига мурожаат қилган. Музей ва вилоят маданий мерос бошқармаси ходимларидан иборат гуруҳ топилма аниқланган жойга бориб, қазилма майдонини дастлабки  иш жараёнин олиб борган. Боғдан нафақат динор, балки Қорахонийлар ва Салжуқийлар даврига оид кулолчилик буюмлари парчалари топилган. 

Улкан Эралиев қимматбаҳо топилмани белгиланган тартибда Термиз археология музейига топширган, шундан сўнг унга амалдаги қоидаларда белгиланган ҳақ тўлаб берилгани айтилмоқда. 

Музей директори бошчилигидаги музей мутахассислари ва нумизматлари томонидан қимматбаҳо топилма дастлабки экспертизадан ўтказилган. 

“Олтин динорнинг олд томонида музей нумизмати докторанти Мансур Нормўминов “Аллоҳ” ва “Муҳаммад” сўзларини, шунингдек, араб алифбосининг айрим ҳарфларини ўқишга муваффақ бўлди. Танганинг орқа томонидаги матн деярли ўчиб кетган. Шикастланган, лекин яхши сақланиб қолган танга – олтин динорнинг оғирлиги 1,92 граммни ташкил қилган. Маълумки, мусулмон мамлакатларида тилла тангалар “динор”, кумуш тангалар “дирҳам” деб аталар эди”, дейди Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Турсунали Қўзиев. 

Термиз ўзининг стратегик жойлашуви туфайли империялар ўртасида тез-тез тортишувлар ва урушлар объектига айланган. Х асрнинг иккинчи ярмида шаҳар қорахонийлар ва ғазнавийлар ўртасидаги қонли тўқнашувлар жойига айланган. Бу ҳукмдорлар бир-бирлари билан бўлган урушда аллақачон қаттиқ ҳолдан тойганидан фойдаланган салжуқий шаҳзодалар Тўғрулбек ва Чағрилбек Термиз ва унинг атрофини эгаллаб оладилар. 

Бу йил Термиз археология музейи очилганига 20 йил тўлади. 20 йил давомида бу музейда бирорта ҳам тилла танга бўлмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

237

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг