Теннис: US Open мукофот пуллари рекорд миқдорда оширилди

Спорт 1126
image

Бугун, 24 август куни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида теннис бўйича “Катта дубулға” туркумига кирувчи сўнгги мусобақа – АҚШ очиқ чемпионати (US Open) бошланади. Ташкилотчилар жорий йилги турнир учун мукофот пуллари тақсимотини эълон қилди. Унга кўра, соврин жамғармаси рекорд даражага оширилган ва 57,5 миллион долларни ташкил қилади.

Шу билан бирга, яккалик баҳсларида ярим финалдан бошлаб тўловлар ўтган йилгига қараганда камроқ бўлади. Аммо саралаш ўйинларида мукофот пуллари 66 фоизга ошган.

Мукофот пуллари қуйидагича тақсимланган:

1-давра – 75 000 АҚШ доллари, 2020 йилда 61 000 доллар;
2-давра – 115 000 АҚШ доллари, 2020 йилда 100 000 доллар;
3-давра – 180 000 АҚШ доллари, 2020 йилда 163 000 доллар;
4 -давра – 265 000 АҚШ доллари, 2020 йилда 250 000 доллар;
Чорак финал – 425 000 АҚШ доллари, 2020 йилда 425 000 доллар;
1/2 финал – 675 000 АҚШ доллари, 2020 йилда 800 000 доллар;
Финалчи – 1 250 000 АҚШ доллари, 2020 йилда 1 500 000 доллар;
Чемпион – 2 500 000 АҚШ доллари, 2020 йилда 3 000 000 доллар.

Эслатиб ўтамиз, US Open турнирининг ўтган йилги ғолиби эркаклар ўртасида австриялик Доминик Тим, аёллар ўртасида эса япониялик Наоми Осака ҳисобланади. 

Маълумот учун, бир ҳафта давомида саралаш ўйинлари ўтказилади. Жорий йилнинг 30 август кунидан бошлаб асосий тўр баҳсларига старт берилади. Мусобақа ғолиби пул мукофотидан ташқари 2000 рейтинг очкосига ҳам эга бўлади.

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 25
Рейтинг: 3.1
t
×