“Темир дафтар”га кимлар киритилади?

Жамият 10913
image

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан мутасадди идоралар томонидан шакллантирилган моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатларига (“темир дафтар”) киритилган ва аъзолари 1,7 миллион нафардан ортиқ бўлган 400 мингдан кўпроқ оилаларга Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланди. Бунинг учун 380 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.

Аммо пулларни тарқатиш жараёни холис ва шаффоф бўлмади. Ижтимоий тармоқларда фуқаролар пул ололмагани ёки белгиланганидан кам пул олганидан шикоятлар тарқалди. Шунда савол туғилди: Шаффоф деб айтилаётган “темир дафтар”га ўзи кимлар киритилган? Бу саволга Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева жавоб берди.

Унинг айтишича, “Темир дафтар” — карантин шароитида ишсиз, даромадсиз қолган эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож оилаларнинг маҳаллада шакллантирилган шаффоф рўйхати экан. “Темир дафтар” ўз навбатида фуқаролар йиғинлари раисининг сектор ва ҳудуд раҳбари билан ҳамкорликдаги фаолиятини мустаҳкамлар эмиш.

“Темир дафтар”ни юритишда эҳтиёжманд оилаларнинг 7 тоифаси, жумладан:

•    кам таъминланган;

•    ногиронлиги бўлган;

•    ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар;

•    якка-ёлғиз кексалар;

•    доимий ишсиз фуқаролар;

•    карантин туфайли ишсиз қолган фуқаролар;

•    оғир эпидемиологик ҳудудлардан қайриб келинган фуқароларни камбағалликдан чиқариш чоралари кўрилади.

Масъул ходимлар ўзининг кунлик амалга оширган ишлари юзасидан “Темир дафтар”идаги маълумотларни saxovat.argos.uz сайтига рақамли имзо калити орқали электрон шаклда киритиб боради;

“Темир дафтар”га тушган оиланинг ҳеч бўлмаганда битта аъзосини жорий йилда иш билан таъминланиб, шу орқали уларни муҳтожликдан чиқариш чоралари кўрилади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 289
Рейтинг: 2.9
t
×