Telegram Украина разведка бошқармасининг ботини блоклади
Олам
−
29 Апрель
3252Бугун, 29 апрелга ўтар кечаси Telegram платформаси раҳбарияти “Россиянинг Украинага қарши ҳарбий агрессиясига қарши курашган бир қатор расмий ботларни асоссиз равишда блоклаб қўйди”. Бу ҳақда Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси маълум қилди.
Аниқлик киритилишича, “Асосий разведка боти” кутилмаганда блокланган.
"Бу Telegram раҳбарияти очиқ эълон қилган қоидалар ва оммавий баёнотларга зид равишда содир бўлди", дейилади бошқарманинг Telegram ижтимоий тармоғидаги баёнотида.
Шунингдек, Украина разведкаси уларнинг асосий боти блокланганига қарамай, фойдаланувчиларнинг барча шахсий маълумотлари хавфсиз эканини билдирди. Шу билан бирга, бошқарма фойдаланувчиларни “душман ўхшаш номли ботларни яратаётгани” ҳақида огоҳлантирди ва уларни бошқа платформаларда ботни қайта тиклаш вақтида потенциал сохта ботларга шахсий маълумотларни жойлаштирмасликка чақирди.
Бир қатор Украина оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Telegram ҳам огоҳлантирмасдан “Эворог” ботларини, Украина Хавфсизлик хизматининг расмий ботларини, Украина жанубидаги координатор ботни ва Shahed дронларининг ҳаракатини кузатиш учун ҳаво ҳужумидан мудофаа ботларини блокировка қилган.
Маълумот учун, 25 март куни Олий Радага ахборот тарқатиладиган Telegram ва бошқа оммавий платформалар ишини тартибга солувчи қонун лойиҳаси киритилди. Қонун лойиҳаси жисмоний шахсларни ҳам, умуман каналларни ҳам блоклаш талабини, шунингдек, мессенжернинг Украина ҳукумати органлари билан алоқа қилиш учун ваколатли вакилининг Украинада бўлишини назарда тутади.