Telegram’да совринли викторина баҳона фойдаланувчиларни алдаш ҳолатлари кузатиляпти
Жамият
−
08 Август 2020
5852Кеча, 7 август куни ижтимоий тармоқларда турли телефон рақамларига махфий кодлар воситасида ахборотларни ўғирлаш мақсадида фирибгарларнинг ҳужумлари кузатилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Ўзбекистонда Telegram фойдаланувчиларининг аккаунтларига кириб олиб, шахсий маълумотларни ўғирлаш ёки аккаунтни қайтариб бериш эвазига мўмай пул ишлашга уринаётган мобил фирибгарлар пайдо бўлди. Бу ҳақда Aхборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси хабар беради.
Янги фирибгарлик схемасига кўра фойдаланувчига мобил алоқа операторининг расмий рақамидан қўнғироқ қилиниб COVID-19 коронавирус инфекцияси ҳақида ўта содда ва жавоби осон саволлар бериладиган қисқа викторина ўтказилади.
Ғолибга пул ўтказиб бериш ваъда қилинади. “Ўлжа” ютуғини олиши учун Telegram’га келган махфий кодни айтиши лозим. Мессенджерга келган сирли рақам айтиш, фирибгарларнинг аккаунтга кириб олишига шароит яратади. Блогер ёки канал администраторининг аккаунтига кириб олган фирибгар у ердаги маълумотларни ошкор қилмаслик учун пул талаб қила бошлайди. Оқибатда ўзини викторина ғолиби бўлдим деб ўйлаган фойдаланувчи фирибгарлик қурбонига айланади.
Мутахассислар тавсиясига кўра бу каби ҳолатларни олдини олиш учун Telegram’да икки томонлама аутентификацияни ўрнатиш зарур. Бу Telegram’дан келган махфий рақамдан ташқари аккаунт паролини ҳам киришни сўрайдиган ҳимоя тизими. Юқоридаги ҳолатларга ўхшаш фирибгарлик схемалари МДҲга аъзо бошқа мамлакатлар ҳудудларида ҳам кузатилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси Комил Алламжонов мазкур ҳолатга ўз муносабатини билдирган эди. Комил Алламжонов ҳолатни ОАВ ва блогерларнинг сўз эркинлигига таҳдид деб баҳолади. У шунингдек, журналист ва блогерларни жим қилишга уриниш бефойда эканини, бу хорижий дўст бўлмаган медиага наф келтиришини маълум қилди.
Aҳрорбек Ҳайруллаев
LiveБарчаси