Тель-Авив Ғазо секторини эгаллаш ниятида эмас – Исроилнинг БМТдаги элчиси
Олам
−
16 Октябрь 2023
4726Исроилнинг БМТдаги доимий вакили Гилад Эрдан Исроилнинг Ғазо секторини босиб олиш нияти йўқлигини, аммо мамлакат ҲАМАСни йўқ қилиш учун ҳамма нарсани қилишини айтди. Бу ҳақда у CNN телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
“Бизнинг Ғазони босиб олиш ёки Ғазода қолиш ниятимиз йўқ, бироқ биз омон қолишимиз учун Президентнинг ўзи (АҚШ Жо Байден – таҳр.) айтганидек, ягона йўл ҲАМАСни йўқ қилишдир, буни қилишимиз керак", дейди Гилад Эрдан.
Эрданнинг сўзларига кўра, Исроилнинг устувор вазифаси ҲАМАС томонидан қўлга олинган ва Ғазо секторига олиб кетилган асирдагиларни қайтариш бўлиб қолмоқда.
Исроилнинг АҚШдаги элчиси Майк Герцог эса Исроил бир ярим миллион фаластинликларнинг ҳаётини назорат қилишдан манфаатдор эмаслигини билдирган.
Исроил-Фаластин можароси
Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошланганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. 9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди.
Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди. Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.
Венесуэла Президенти Николас Мадуро эса Исроилни Фаластин халқини қирғин қилишда айблаб, зудлик билан тинчлик музокараларини бошлаш ва Фаластиннинг ҳудудий ҳуқуқларини кафолатловчи БМТ резолюцияларини амалга оширишга чақирди. Россия Президенти Владимир Путин ҳам мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, у Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашувларни АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг яққол мисоли деб атади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Яқин Шарқдаги бу можародан Россия манфаатдорлигини таъкидлади.
Сўнгги маълумотларга кўра, қуролли тўқнашувлар оқибатида Ғазода 2750 киши ҳалок бўлган, 9700 киши жароҳатланган. Ғарбий соҳилда эса 58 одам ўлган, 1250 киши яраланган. Исроил томонидан қурбон бўлганлар сони 1,3 минг кишини ташкил этади. 351 нафар одам эса шифохонага жойлаштирилган.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15