Техникум ва коллеж педагогларининг маоши ўқитувчиникига тенглаштирилади

Жамият

image

2023 йил 1 январдан коллеж ва техникумларда дарс берувчи педагог ҳамда усталар маоши ўрта мактаб ўқитувчилари ойлигига тенглаштирилади. Бу ҳақда бугун, 15 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигидаги видеоселектор йиғилишида айтиб ўтилди.

Йиғилишда профессионал таълим педагог ва усталари учун муносиб шароит қилиб бериш, уларнинг касбий маҳоратини ошириб борадиган тизим яратиш зарурлиги таъкидланган.

“Очиқ айтиш керак, 2 миллион сўм ойлик олаётган техникум ёки касб-ҳунар мактаби муаллимларидан камида 5 миллион сўм иш ҳақи оладиган мутахассислар тайёрлаб беришни талаб қиляпмиз”, деди Президент.

Шу боис, келгуси йил 1 январдан:

•    профессионал таълимдаги педагог ва усталар ойлиги ўрта мактаб ўқитувчиларига тенглаштирилади;

•    ўқитувчилар малака тоифаси учун тўланадиган устама ўртасидаги фарқ 2 баробарга оширилади;

•    эришган натижасига қараб, фидойи ва ташаббускор педагог кадрларнинг ойлигига 50 фоизгача устама тўлаш жорий этилади.

Таъкидланишича, келгуси йилда бунинг учун бюджетдан қўшимча 150 миллиард сўм ажратилади.

Шу билан бирга, профессионал таълим муассасалари педагоглари малакасини оширишда янги тизим яратилади. Университетлар ҳузуридаги малака ошириш факультетлари ўрнига ҳар бир вилоятда Профессионал тайёргарлик марказлари ташкил этилади.


Мақола муаллифи

Теглар

коллеж техникум

Баҳолаганлар

254

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг