ТДТнинг кейинги саммити қаерда ўтказилиши айтилди

Олам

image

Туркий давлатлар ташкилотининг ўнинчи юбилей саммити 2023 йил октябрь ойида Туркистон шаҳрида бўлиб ўтади. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев кеча, 16 март куни Анқарада бўлиб ўтган ТДТ саммитида айтиб ўтди. 

“Сизни шу йилнинг октябрь ойида муқаддас Туркистонда бўлиб ўтадиган ТДТнинг ўнинчи юбилей саммитида иштирок этишга таклиф қиламан. Қозоғистон ҳам шу йилнинг кузидан Туркий давлатлар ташкилотига раислик қилади. Ушбу давр мобайнида бир қатор муҳим тадбирларни ўтказишни режалаштирганмиз”, дейди Тўқаев. 

Қозоғистон президенти ҳозир дунё мураккаб геосиёсий ва иқтисодий вазиятда эканини таъкидлади.  

“Мана шундай шароитда туркий дунё ҳамкорлигини мустаҳкамлаш жуда муҳим. Шу тариқа ташкилотимиз халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллаганини кўрсатмоқда. Мамлакатларимиз сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши керак. Бу Қозоғистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир”, дея тушунтирди Тўқаев.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 16 март куни Туркия пойтахти Анқарада Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдан ташқари саммити бўлиб ўтди. Унда ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари – Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва кузатувчи давлатлар раҳбарлари – Венгрия Бош вазири Виктор Орбан, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, шунингдек, Шимолий Кипр Турк Республикаси Президенти Эрсин Татар иштирок этди. 

Саммит якунида қуйидаги ҳужжатлар имзоланди:

1. Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдан ташқари саммитининг Анқара декларацияси;

2. Туркий давлатлар ташкилотининг фуқаро муҳофазаси механизмини ташкил этиш тўғрисидаги қарор;

3. Туркий инвестиция фондини ташкил этиш тўғрисидаги битим.


Мақола муаллифи

Теглар

саммит Туркий давлатлар ташкилоти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг