Тайёргарлик тамом: Туркия Сурияда 25 000 аскар билан операция бошламоқчи

Олам 11726
image

Туркия Сурия шимолида ўтказишни режалаштираётган трансчегаравий операциянинг дастлабки босқичида қарийб 25 минг нафар турк аскари иштирок этиши мумкин. Бу ҳақда TGRT телеканали манбаларга таяниб, хабар берди.

Қайд этилишича, операцияга тайёргарлик аллақачон якунланган. 

Турк армиясининг янги амалиёти нишонлари Телль-Рифъат ва Манбиж ҳудудлари. Унда иштирок этадиган барча тузилмалар жанговар ҳаракатлар бошланишига тайёр. 

“Механизациялашган, зирҳли ва артиллерия бўлинмалари ўзларининг бошланғич позицияларини эгаллади”, деб таъкидлайди телеканал. 

Операция учун буйруқ ҳали олинмаган, аммо уни Президент Ражаб Тойиб Эрдўған исталган вақтда бериши мумкин.

Туркия Мудофаа вазири Ҳулуси Акарнинг ишонтиришича, операция фақат террорчиларга қарши қаратилган бўлиб, Туркия бошқа мақсадларни кўзламайди. 

“Террористлардан бошқа муаммомиз йўқ”, деган у “Habertürk”га берган интервьюсида.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 536
Рейтинг: 2.9
t
×