Тайвань Хитойнинг тинч бирлашиш таклифини рад этди
Олам
−
11 Август 2022
7767Тайвань ҳукумати Пекин таклиф қилган “бир давлат, икки тизим” модели остида Хитой билан бирлашиш имкониятини рад этади.
“Тайвань “бир мамлакат, икки тизим” ғоясини қатъиян рад этади. Фақат Тайвань халқи ўз келажагини ҳал қилиши мумкин”, дейди Тайвань Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Жоан Оу.
Тайваннинг “Бир давлат, икки тизим” модели асосида Хитой таркибига кириши ҳақидаги таклиф Давлат кенгаши томонидан 10 август куни чоп этилган “Оқ китоб”да ўрин олган. Шунингдек, Тайвань ва Хитойнинг “қайта бирлашиши” муқаррар экани ва Пекин бу муаммони ҳарбий йўл билан ҳал қилиш имкониятини истисно қилмаслиги таъкидланган.
Тайвань атрофидаги вазиятнинг кескинлашувига АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг оролга ташрифи сабаб бўлди. Бу сафардан сўнг Хитой Тайвань қирғоқларида кенг кўламли ҳарбий машғулотларни бошлади ва оролга қарши санкциялар эълон қилди.
“Бир мамлакат, икки тизим” модели 1997 йилда Хитой таркибига кирган Гонконгда мавжуд. Сўнгги йилларда Пекин Гонконг мухториятини сезиларли даражада чеклай бошлади, бу эса кенг кўламли норозилик намойишлари ва шаҳарда мустақиллик ҳаракати бошланишига олиб келди.
Хитой-Тайвань масаласи
Тайвань 1949 йилда Чан Кайши (1887-1975) бошчилигидаги Гоминдан қўшинларининг қолдиқлари Хитой фуқаролар урушида мағлубиятга учрагач, оролга қочиб кетганидан бери ўз маъмурияти томонидан бошқарилади. Ўшандан бери Тайвань коммунистлар ҳокимиятга келишидан олдин материкда мавжуд бўлган собиқ Хитой Республикаси байроғи ва бошқа атрибутларини сақлаб қолган.
Қўшма Штатлар 1979 йилда Тайвань билан дипломатик алоқаларни узиб, уларни ХХР билан ўрнатган. Вашингтон “ягона Хитой” сиёсатини тан олиш билан бирга, айни пайтда Тайбэй маъмурияти билан алоқаларни давом эттирмоқда ва оролга қурол етказиб бермоқда. 2020 йилда АҚШнинг аввалги Президенти Дональд Трамп маъмурияти Гонконгдаги вазият туфайли Пекин билан муносабатларнинг кескинлашуви фонида Тайвань билан алоқа ва алмашинувларни сезиларли даражада фаоллаштирди, бу эса ХХР расмийларининг норозилигига сабаб бўлди.
АҚШ Тайваннинг асосий қурол етказиб берувчисидир. Жорий йилнинг апрель ойида Давлат департаменти Patriot зенит-ракета тизимларига хизмат кўрсатиш бўйича 95 миллион долларлик шартномани маъқуллади.
LiveБарчаси