Тасмания соҳилига 150 та кичик қотил кит чиқиб қолди (видео)
Олам
−
19 Февраль
13272Австралияга қарашли Тасмания оролининг шимоли-ғарбий қисмида 150 дан ортиқ кичик қотил кит (Pseudorca crassidens) соҳилга чиқиб қолди. Уларнинг 14 таси ҳалок бўлган. Бу ҳақда маҳаллий Табиат ресурслари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш департаментига таяниб, ABC News хабар берди.
Идора маълумотларига кўра, камида 150 та денгиз жонзоти оролнинг шимоли-ғарбий қирғоғида, Артур дарёсининг океанга қуйилиш жойи яқинида аниқланган.
“Дастлабки кузатувларга кўра, 136 та кичик қотил кит ҳали тирик. Департамент Тасмания Миллий боғлар ва ёввойи табиат хизмати рейнжерлари билан биргаликда тегишли чораларни кўришга ҳозирланмоқда”, дейилади расмий баёнотда.
Мутасаддилар ҳайвонларга ёрдам бериш осон бўлмаслиги, чунки бу ҳудуд олисда жойлашгани ва махсус ускуналарни етказиб беришда муаммолар борлигини таъкидлаган.
Ҳозирда воқеа жойида ветеринарлар ва денгиз биологлари ишламоқда. Улар тирик қолган кичик қотил китларнинг ҳолатини баҳолаш билан бирга, уларни сувга қайтариш бўйича чора-тадбирлар кўрмоқда.
Кичик қотил китларнинг соҳилга чиқиб қолиш сабаблари ҳозирча номаълум. Мутахассис Кларкнинг сўзларига кўра, бундай ҳодисалар Тасманияда тез-тез учраб туради. 2020 йилда Маккуори қўлтиғи соҳилига тахминан 470 та қора дельфин, 2022 йилда эса 200 та кичик қотил кит чиқиб қолган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Манғистов вилояти Тупқараған туманидаги Каспий денгизи соҳилида 289 та ўлик тюлень топилган эди. Илк бор ўлик тюленлар ҳақида қозоғистонлик блогер ва фаол Азамат Сарсенбаев ўз Instagram саҳифасида маълум қилган. Гидробиология ва экология институти илмий ходими Жазира Сидиқовага кўра, Тупқараған яриморолининг ғарбий соҳилида Каспий тюленларининг ўлимига сабаб бўлаётган омилларни аниқлаш мақсадида мониторинг амалга оширилган.
LiveБарчаси