Ташрифдан ташрифгача Андижонда қандай ишлар амалга оширилди?
Жамият
−
16 Май 2019
4721Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 19-20 май кунлари Андижон вилоятига ташрифи чоғида кўплаб истиқболли лойиҳалар билан танишиб, вилоятда олиб борилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари кўламини кенгайтириш, саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан тегишли вазифаларни белгилаб берган эди.
ЎзА нашрининг маълум қилишича, ўтган вақт мобайнида мазкур топшириқлар ижроси юзасидан муайян ишлар амалга оширилган. Вилоятда ўтган йилда жами 27,1 триллион сўмлик ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқарилган, аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот 8,9 миллион сўмни ташкил этди.
Вилоятда 71 миллион АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Хорижий инвесторларга яратиб берилган кенг имкониятлар самараси ўлароқ, 22 янги кўшма корхона ташкил этилиб, кўшма корхоналар сони 252 тага етди.
2019-2020 йилларда қиймати 27 триллион 150 миллиард сўм бўлган 930 та лойиҳани амалга ошириш белгилаб олинди. Мазкур лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилган маблағнинг 1,4 миллиард доллари ёки 44 фоизи хорижий инвестициялар ҳиссасига тўғри келади. Натижада 36 мингдан ортиқ иш ўрни яратилади.
Ўтган давр мобайнида 3 минг 131 та хусусий ва кичик бизнес субъектлари ташкил этилиб, улар сони 23 минг 978 тага етди. Кичик бизнес субъектларининг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 73,4 фоизни, Жумладан, саноатдаги улуши 19,8 фоизни, қишлоқ хўжалигида 98,9 фоизни, қурилишда 96,4 фоизни, чакана савдода 88,8 фоизни ташкил этди.
Саноат йўналишида қиймати 13 триллион сўм бўлган 190 та лойиҳалар амалга оширилди.
Вилоятда 2018 йилда 338 та йирик ва ўрта лойиҳалар амалга оширилиб, уларда 7 минг 778 та иш ўринлари ташкил этилди. Лойиҳаларнинг 145 таси саноатни ривожлантириш бўйича, 112 таси хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида, 80 таси қишлоқ хўжалиги йўналишида ишга туширилди.
Қўрғонтепа туманидаги “KHANTEX GROUP” масъулияти чекланган жамияти томонидан пахта-тўқимачилик йўналишида кластер ташкил этилиб, қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Жумладан, хориждан ҳайдов ва чопиқ тракторлари, экиш сеялкалари, экинлар қатор орасига ишлов берувчи ускуналар, пахта териш машиналари, умумий қиймати 21 миллион Евро бўлган қишлоқ хўжалиги техника ва механизмлари олиб келинди.
Хорижий технологиялар асосида 4 та тўқимачилик корхонаси ишга туширилди.
Кластер тизимининг йўлга қўйилиши ҳисобига 2019 йилда Қўрғонтепа туманининг ўзида кунига 90 тонна пахтани қайта ишлаш, 30 тонна тола ишлаб чиқариш, толадан 26 тонна калава ип олиш, яъни тайёр маҳсулот тайёрлаш, экспорт қилиш имконияти яратилади.
Президентимизнинг аввалги ташрифида берган топшириқлари бўйича Боғи Бобурдаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкали, рамзий қабри, “Бобур ва жаҳон маданияти музейида қурилиш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди, намозгоҳлар қурилиб, дам олиш маскани янгича қиёфа касб этди.
Вилоятдаги ҳарбий қисмларда бюджет маблағлари ҳисобидан 93 миллиард сўмлик қурилиш, таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари бажарилди. Ҳарбий хизматчилар учун 900 ўринли ётоқхона, ўқув бинолари, ошхоналар, тиббий пункт, маънавият маркази барпо этилди.
Вилоятдаги 40 та мактабгача таълим муассасасида 97 миллиард сўмлик қурилиш, таъмирлаш ишлари бажарилди. 168 та хусусий мактабгача таълим муассасаи ташкил этилди.
Андижон шаҳрида “Ёшлар маркази” барпо этилди. Умумий лойиҳа қиймати 11 миллиард сўм бўлган мазкур масканда 500 ўринли фаоллар, семинар ва конференциялар заллари, кутубхона, “Ёш тадбиркорлар” коворкинг-маркази барпо этилди. Бундан ташқари, “Соғлом авлод” ўйингоҳи, вилоят теннис мажмуаси замонавий талаблар асосида қайта реконструкция қилинди.