“Tashkent City” ишчиларига маош берилмаётгани бўйича изоҳ берилди

Жамият

image

“Tashkent City” халқаро ишбилармонлик маркази дирекциясига “Apex Design Architecture Construction” МЧЖ ҳодимларининг “Tashkent City” халқаро ишбилармонлик маркази қурилишида ишлаган ишчиларнинг ойлик маошлари тўланмаганлиги ёки ўз вақтида тўланмаётганлиги тўғрисидаги мурожаатлар келиб тушган.

Мурожаатларни ўрганиб чиққан ташкилот, қуйидагиларни маълум қилмоқда: 

“Tashkent City” халқаро ишбилармонлик маркази ЛОТ-1да кўп қаватли турар жой мажмуаси қурилиш ишларида “High Land City” МЧЖ инвестор ҳамда буюртмачи сифатида қатнашиб келмоқда. Қурилиш ишларини бажаришга пудрат ташкилотлари ҳам жалб қилинган. Жумладан, 2019 йил февралда “Apex Design Architecture Construction” МЧЖ ҳамда “High Land City” МЧЖ ўртасида пудрат шартномаси тузилган, шартномага кўра, пудратчи ЛОТ-1да қурилаётган кўп қаватли уйларнинг ички қисмларини пардозлаш ишларини амалга ошириши белгиланган. 

Ҳозирги кунга қадар пудратчи ташкилот томонидан амалга оширилган барча қурилиш ишлари учун тўловлар тўлиқ амалга оширилган ва “High Land City” МЧЖнинг “Apex Design Architecture Construction” МЧЖ олдида бажарилган ишлар бўйича қарздорлиги мавжуд эмас. “Apex Design Architecture Construction” МЧЖнинг ишчиларидан ойлик маошлари тўланмаганлиги ҳолатлари бўйича мурожаатлари юзасидан “High Land City” МЧЖ томонидан тегишли ҳуқуқ-тартибот органларига қонуний чора кўриш мақсадида маълумот берилган. 

Ўз навбатида “Tashkent City” халқаро ишбилармонлик маркази дирекцияси ва “High Land City” МЧЖ маъмурияти ўрнатилган тартибда “Apex Design Architecture Construction” МЧЖ ходимларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда ҳар тарафлама кўмаклашишга тайёрлигини маълум қилди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 июлдаги “Тошкент шаҳрининг марказий қисмини ободонлаштириш ва архитектуравий қиёфасини янада яхшилаш ҳамда аҳоли ва пойтахт мехмонлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 559-сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида янги замонавий комплекс – “Tashkent City” халқаро ишбилармонлик маркази қурилиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

маош Tashkent City ишчилар

Баҳолаганлар

53

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг