Ташқи кучлар Эронни ичкаридан қулатмоқчи – Эрон вице-президенти
Олам
−
15:06 1098 2 дақиқа
Эронга қарши “ташқаридан босим ўтказиш ва ичкаридан қулатиш” стратегияси олиб борилмоқда. Бу ҳақда кеча, 13 февраль куни мамлакат вице-президенти ҳамда Атом энергияси ташкилоти раҳбари Муҳаммад Эслами Машҳад шаҳрида университет талабалари билан учрашувда сўз очди.
Унинг айтишича, душманлар сиёсий, иқтисодий ва ахборот воситалари орқали Ислом Республикасига нисбатан босимни кучайтиришга уринмоқда, бироқ ўлка ўз тараққиёт йўлидан чекинмаяпти.
Эслами Эроннинг илмий билим ва технологик салоҳиятга эга бўлиши унга нисбатан адоват кучайишига сабаб бўлаётганини таъкидлаган. Унга кўра, Ислом инқилобининг энг муҳим хусусияти мустақиллик ва ҳеч кимга таслим бўлмаслик тамойилидир. Бу йўналиш марҳум Руҳуллоҳ Хумайний томонидан белгилаб берилган бўлиб, ҳозирда Олий раҳбар Али Хоманаий давом эттирмоқда.
Расмий Эроннинг стратегик-геосиёсий жойлашуви, бой нефть-газ захиралари, фойдали қазилмалари ва малакали инсон ресурслари сабабли йирик давлатлар эътибор марказида бўлиб келаётганини қайд этган. 1979 йилги инқилобдан сўнг хорижий кучлар мамлакатни тарк этган бўлсада, улар иқтисодий ва сиёсий таъсирни қайта тиклашга уринмоқда.
“Эрон ядро қуроли яратиш ниятида эмас. 2015 йилда имзоланган Қўшма ҳаракатлар кенг қамровли режаси доирасида Эрон ўз мажбуриятларини бажарди. Бироқ, АҚШ Президенти Дональд Трамп даврида битимдан чиқилди ва иқтисодий санкциялар кучайтирилди”, деган мулозим.
Эслами санкцияларни мамлакатга босим ўтказишнинг асосий воситаси сифатида баҳолаб, шунга қарамай, Эрон ҳарбий саноат, атом энергетикаси ва космик тадқиқотлар соҳасида сезиларли ютуқларга эришганини эътироф этган. Шунингдек, у ядро қуроли ҳақидаги айбловлар жамоатчилик фикрига таъсир кўрсатишни мақсад қилгани ва бундай қуроллар диний жиҳатдан тақиқланганини эслатган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ ҳарбийлари Дональд Трамп Эронга зарба бериш ҳақида буйруқ чиқарган тақдирда, бир неча ҳафта давом этиши мумкин бўлган кенг кўламли операцияга тайёргарлик кўраётгани ҳақида хабар берилган эди.
Мусулмон Содиқ
Live
БарчасиҚашқадарё ва Самарқандда дўл ёғди
13 Февраль