Ташиев аёлларни 10 нафар фарзанд кўришга чақирди (видео)
Олам
−
05 Ноябрь
6593Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев мамлакат аёлларига кўпроқ фарзанд кўришни тавсия қилди. Бу ҳақда у кеча, 4 ноябрь куни Норин вилоятидаги янги болалар боғчаси очилиш маросимида сўз очди.
Ташиевга кўра, Қирғизистон аёллари оилада беш-ўн нафар фарзанд кўришга интилиши керак. Чунки кўп болали оилалар мамлакат келажаги учун асос ҳисобланади.
“Биз кўп фарзандли бўлишимиз керак. Аёлларимиз, ёш келинларимиз бунга эътибор қаратишлари лозим. Фақат шундагина Қирғизистон ривожланиши мумкин... Давлат хавфсизлигини мустаҳкамлаш тўғридан тўғри аҳолининг сонига боғлиқ. Агар аҳолининг ўсиши тўхтаб қолса, хавфсизликни таъминлаш қийинлашади”, дейди у.
Унга кўра, ҳозир дунёда катта ўзгаришлар юз бермоқда ва бу масалага жиддий ёндашиш зарур. Шунингдек, давлат туғилиш кўрсаткичларини ошириш учун шароит яратишга тайёр. Бундай чораларга болалар боғчалари, мактаблар ва бошқа ижтимоий объектлар қурилиши киради.
Бундан ташқари, Ташиев ҳукуматнинг тоғли ҳудудлар аҳолисига оналик капитали жорий этиш режалари ҳақида гапирган. Хусусан, мамлакатнинг баъзи ҳудудларида тўртинчи фарзанд туғилиши учун 100 минг сом (14 млн 870 минг сўм), бешинчи учун 600 минг сом (89 млн 228 минг сўм), еттинчи фарзанд учун эса 1 миллион сом (148 млн 713 минг сўм) тўлаш кўзда тутилмоқда.
“Саккизинчи ва тўққизинчи фарзанд учун 1,5 миллион сом (223 млн сўм), ўнинчи фарзанд учун эса 2 миллион сом (салкам 300 млн сўм) ажратилади. Ушбу чора-тадбирлар яхши яшаётганимиз учун қилинаётгани йўқ… Норин вилояти тўлиғича тоғли ҳудудда жойлашган ва умид қиламанки, вилоят аҳолиси яқин йилларда сезиларли даражада ошади. Кўпчилик менинг гапларимни ҳазил сифатида қабул қилмоқда, лекин ундай эмас. Бу жуда жиддий давлат дастури. Мақсадимиз – аҳолининг сонини имкон қадар тезроқ 10-15-20 миллион кишига етказиш. Шунда мамлакат келажагидан ташвишланмаса ҳам бўлади”, деди Ташиев.
“World Population Review” маълумотига кўра, жорий йил 30 октябрь ҳолатида Қирғизистон аҳолиси 7 млн 222 мингни ташкил қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қамчибек Ташиев идора ходимлари ва бошқа давлат хизматчиларини фарзандлари ҳамда қариндошларининг топшириқларини бажармасликка чақирган эди.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь