Ташаббус ва раҳбарлигингиз учун миннатдорлик билдираман – ЕК Президенти Мирзиёевга хат йўллади

Жамият 2136
image
-

Европа Кенгаши Президенти Шарль Мишель Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллади. Бу ҳақда Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди. Хатда шундай дейилади:

Жаноби Олийлари, Мен Сизга ўзимнинг шахсий саломимни ва Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги ажойиб ҳамкорлик учун миннатдорчилигимни етказмоқчиман.

Мамлакатингиз ва минтақангиз COVID-19 инқирози ва унинг оқибатлари муносабати билан қандай қийинчиликларга дуч келаётганига қарамай, Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёни умумий қадриятлар асосида алоқаларимизни янада ривожлантириш учун имкониятлар яратишда давом этаётганини мамнуният билан таъкидлайман. Барқарорлик ва фаровонликнинг асосий элементлари сифатида қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳурмат қилиш бўйича эътиборингизни мамнуният билан қабул қиламиз.

Европа Иттифоқи Ўзбекистон Республикаси билан яқин мулоқотни давом эттиришга қатьий қарор қилганлигини яна бир бор тасдиқлашга ижозат бергайсиз. Биз келгуси даврда муносабатларимизни ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратадиган янги кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим бўйича музокара жараёнларини якунлашдан манфаатдормиз.

Табиийки, биз ҳам 2021-2027 йилларга мўлжалланган Европа Иттифоқининг янги молиявий воситасининг навбатдаги дастур цикли доирасида ўз ҳамкорлигимизни давом эттиришга тайёрмиз. Бизнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз мамлакатингиз атроф-муҳитни тиклаш ва “яшил” иқтисодиётга ўтишни қўллаб-қувватлаши мумкин. Иқлим ўзгариши, шу жумладан Орол денгизи минтақаси муаммоларини ҳал қилиш бўйича сизнинг ташаббусларингизни алоҳида қизиқиш билан қайд этдим.

Минтақавий масалаларга тўхталсак, шунингдек, инқироз даврида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича сизнинг ташаббусларингиз ва раҳбарлигингиз учун миннатдорлигимни билдирмоқчиман. Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг бутун Марказий Осиёда, шу жумладан Афғонистонда ҳамкорлик, хавфсизлик ва барқарорликни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини илиқ кутиб олади. Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегияси минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам асос яратади.

Мен Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, элчи Питер Буряндан ҳукуматингиз билан яқинда бўлиб ўтадиган Ўзбекистонга ташрифи чоғида минтақавий ва икки томонлама ҳамкорлигимизни ривожлантириш учун муҳим соҳаларда муҳокама қилишларини сўрадим.

Мен келажакдаги алоқаларимизни интизорлик ила кутаман, бу шубҳасиз ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлаш бўйича таклифларни муҳокама қилиш учун имконият яратади.

Самимият ила, Шарль Мишель,
Европа Кенгаши Президенти

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 24
Рейтинг: 3.3
t
×