Тармоқларда таҳқирлаш айблови ортидан ҳокимлик матбуот котиби ишдан кетди
Жамият
−
26 Август 19576 2 дақиқа
Тошкент вилояти ҳокимининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби Беҳзод Қобулов ижтимоий тармоқларда катта шов-шувларга сабаб бўлган можаро ортидан лавозимини тарк этди. Бу ҳақда у кеча, 25 август куни Facebook'даги саҳифасида маълум қилди.
“Мен вазиятни ҳар томонлама мулоҳаза қилиб кўргач, Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари лавозимидан истеъфо беришга қарор қилдим.
Бўлди. Иззатим битди, менингча. Бир йилки, менга ёпишиб олиб, туну кун ҳалол ишлаётган, катта меҳнатлар билан келажакни қураётган ҳамкасбларим, жамоадошларимга менинг фаолиятим орқали маломат тошлари отилишига жим қараб туролмайман. Тошкент вилояти ҳокимлиги оиласининг ҳаловати мен туфайли бузилаётгани, севимли шоирам Гулжамол Асқарова таъбири билан айтганда, руҳимни ҳақоратлайди. Чунки, бу жамоа ҳурматга лойиқ”, деб ёзди Қобулов.
У ўзи билан боғланган салбий ахборотлар оқимининг пайдо бўлганидан чин дилдан афсусда эканини, бу тезроқ барҳам топиши, масалага суд-ҳуқуқ идоралари баҳо бериши тўғри бўлишини билдирган.
Ўзи нима бўлган эди?
Матбуот котибининг ишдан кетиши собиқ депутат, жамоат фаоли ва блогер Феруза Мадрасулованинг ижтимоий тармоқда қолдирган видеомурожаати фонида рўй берди. У ўз видеомурожаатида Қобуловни унинг шаънини таҳқирлаганликда айблаган. Мадрасуловага кўра, блогерга нисбатан Тошкент вилояти ҳокимининг матбуот котиби Беҳзод Қобулов томонидан оммавий гуруҳда куракда турмайдиган ҳақорат ва туҳматларга тўла хабар юборилган.
Беҳзод Қобулов эса дастлаб бу ҳолат бўйича тегишли ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилингани, кўрсатиб ўтилган ёзувлар унга тегишли эмаслиги, фейк эканини билдирган.