Танкка қарши кетмон билан жанг қилишдек абсурд қарор — Расул Кушербоев Twitter ва TikTok чекланиши ҳақида
Жамият
−
03 Июль 2021
17181Хабарингиз бор, кеча, 2 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунининг 271-моддаси талабларига зид равишда мамлакат фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов берилаётгани учун камчиликлар бартараф этилгунга қадар Twitter, TikTok ва “ВКонтакте” каби ижтимоий тармоқлари фаолиятига чеклов ўрнатди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев оммабоп ижтимоий тармоқларнинг блокланишига муносабат билдириб, “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунни фойдасиз деб атади.
“Қонун талабларига зид равишда фуқароларнинг шахсга доир маълумотларига ишлов бераётган ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш чекланибди. Мен қарши бўлган фойдасиз қонун”, дейди Кушербоев.
Депутат фуқароларнинг шахсга доир маълумотларини муҳофаза қилиш мақсади ортида мазкур тармоқларни чеклашга уриниш ҳаракати бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.
“Фуқароларнинг шахсга доир маълумотларини мухофаза қилиш баҳонаси билан интернетдаги оммабоп тармоқларни чеклашга уринишдек кўринаётган бу иш кўпроқ салбий оқибатга олиб келиши мумкин. Масалан, фойдаланувчилар оммавий равишда чекловларни четлаб ўтувчи VPN каби дастурлардан фойдаланишни бошлайди, назорат буткул йўқолади. Камига фуқароларни қонунбузарга айланишга мажбур қиламиз”, дейди Кушербоев ҳолатга ўзига хос изоҳ бериб.
Депутат “Ўзкомназорат”нинг чеклов чорасини “танкка қарши кетмон билан жанг қилишдек “ахборот асри”даги жуда кулгули ва абсурд қарор”, деб баҳолаган.
“Фуқароларнинг мулк ҳуқуқи бузилса жимлик, уйидан хайдалса жимлик, ери мажбуран олиб қўйилса жимлик, фермер сарсон юрса жимлик...Лекин унинг шахсга доир маълумотларини мухофаза қилишга келганда кескин чоралар... Ғалатимасми?”, дея сўзини якунлаган Расул Кушербоев.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15