Таниқли собиқ футболчи Шомуродовнинг устозига айланиши мумкин
Спорт
−
29 Апрель
18804Италиянинг “Комо” клуби бош мураббийи Сеск Фабрегас “Рома”ни бошқариши мумкин. Бу ҳақда “Sky Sport Italia” нашри хабар берди.
Манбага кўра, римликлар мураббийлик лавозими учун бир нечта номзодларни кўриб чиқмоқда. Фабрегасдан ташқари “Аякс” бош мураббийи Франческо Фариоли, “Женоа” устози Патрик Виера ва ҳозирда “Ал-Наср”ни бошқариб келаётган Стефано Пиоли ҳам шорт-листдан ўрин олган.
Қайд этиш жоиз, айни дамга келиб, римликларни бошқариб келаётган тажрибали мутахассис Клаудио Раньери мавсум охирида лавозимини тарк этади ва клуб тизимида раҳбарлик вазифасини бажаради.
Маълумот ўрнида, 37 ёшли Фабрегас мураббийлик фаолиятини 2023 йилда бошлаган. Дастлаб, у “Комо”нинг 19 ёшгача бўлган ёшлар жамоасини бошқарган, кейинроқ эса асосий жамоада ёрдамчи мураббий ва вақтинча бош мураббий лавозимида ишлаган. 2024 йилда у расмий равишда клуб устозига айланган.
Аввалроқ, ОАВда “Манчестер Юнайтед” собиқ мураббийи Эрик Тен Хаг ҳам “Рома”ни бошқариши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган эди.
LiveБарчаси