Тана аъзоларини сотишга мажбурлаганлар 8 йилгача қамалади – Президент қарори
Саломатлик
−
05 Июль 2022
11811Эндиликда одамларни ўз тана аъзосини сотишга мажбурлаган шахслар 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум этилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли қарорида белгиланган.
Жиноят кодексига киритилган ўзгаришга кўра, инсонни ундан аъзоларини ва (ёки) тўқималарини трансплантация учун олишга розилик беришга мажбурлаганлик учун жавобгарлик белгиланди.
Қайд этилишича, бу қилмиш оғирлаштирувчи ҳолатларда 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шунингдек, инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг олди-сотдиси билан шуғулланганлик, уларни Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқиб кетганлик учун ҳам жиноий жавобгарлик белгиланди.
Қарорга кўра, инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг олди-сотди 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилдан 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб, 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Мазкур жиноятлар билан боғлиқ тергов ички ишлар органлари томонидан олиб борилади.
Маълумот учун, Ўзбекистонда 700 дан ортиқ буйрак кўчириб ўтказиш, жигар ва ўзак ҳужайра амалиётлари бажарилган. Хусусан, бугунгача трансплантация амалиётлари Самарқанд, Наманган, Хоразм, Сурхондарё ва Андижон вилоятларида ўтказилган.
LiveБарчаси