Тамаки ва алкоголга оид қонунга ўзгартириш киритилади
Жамият
−
16 Ноябрь 2019
5027Алкоголь маҳсулотининг идишида ёрлиқ асосий юзасининг камида олтмиш беш фоизини эгаллайдиган, матнли ёзувни ўз ичига оладиган фототасвир тарзидаги тиббий огоҳлантириш бўлиши керак. Бу ҳақда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталига жойлаштирилган Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳасида келтириб ўтилган.
Қонун лойиҳасининг 12-моддасида алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг, шу жумладан уларни истеъмол қилиш мосламаларининг ўралиши, тамғаланишига доир талаблар белгиланган.
Унга асосан, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ўралишига, тамғаланишига доир талаблар қонун ҳужжатларида назарда тутилган техник регламентларга мувофиқ белгиланади.
Алкоголь маҳсулотининг идишида ёрлиқ асосий юзасининг камида олтмиш беш фоизини эгаллайдиган, матнли ёзувни ўз ичига оладиган фототасвир тарзидаги тиббий огоҳлантириш бўлиши керак.
Тамаки маҳсулотининг истеъмол ўровида, шу жумладан тамаки қиздириш тизими, никотин етказиб бериш электрон воситаларининг (улар учун суюқликлар) истеъмол ўровида олд томони юқорисида асосий юзасининг камида олтмиш беш фоизини ҳамда орқа томони асосий юзасининг камида олтмиш беш фоизини эгаллайдиган, матнли ёзувни ўз ичига оладиган фототасвир тарзидаги тиббий огоҳлантириш бўлиши керак.
Тамаки маҳсулотининг блокида қутилар горизонтал жойлаштирилганда чап қисмининг олд ва орқа томонлари, тамаки маҳсулоти вертикал жойлаштирилганда юқори қисмида асосий юзасининг камида олтмиш беш фоизини эгаллайдиган тиббий огоҳлантириш бўлиши керак.
Чилим мундштуги ва сувдонида улар юзасининг камида олтмиш беш фоизини эгаллайдиган, матнли ёзувни ўз ичига оладиган фототасвир тарзидаги тиббий огоҳлантириш бўлиши керак.
Тамаки маҳсулоти истеъмол ўровига, шу жумладан тамакини қиздириш тизимлари ва никотин етказиб бериш электрон тизимларининг (улар учун суюқликлар) ўзи ҳамда уларнинг истеъмол ўровига туширилган ахборотда тўғридан-тўғри
ёки билвосита тарзда ушбу тамаки маҳсулоти бошқа тамаки маҳсулотидан зарарсизроқ эканлиги ҳақида тасаввур ҳосил қиладиган ҳар қандай атамалар, таърифлар, белгилар, рамзлар ва бошқа белгилашлар, шу жумладан “қатрон миқдори кам”, “енгил”, “жуда енгил”, “юмшоқ”, “экстра”, “ультра”, “нозик” каби сўзлар ёки сўз бирикмалари, тамаки маҳсулотини озиқ-овқат маҳсулоти (озуқа қўшимчалари) билан айнанлаштирадиган
ёки тамаки маҳсулоти озиқ-овқат маҳсулоти (озуқа қўшимчаси) мазасига эгалиги ҳақида тўғридан-тўғри ёки билвосита тасаввур ҳосил қиладиган, бундай сўзлар билан умумий маъного эга бўлган сўзлар, бундай сўзларнинг чет тиллардаги аналоглари бўлмаслиги керак.
Эслатиб ўтамиз, қонун лойиҳасига ўзгартириш киритилиши ёки тасдиқланмаслиги мумкин.
LiveБарчаси