Талаш бўлган Чорвоқдаги “Sea Breeze Uzbekistan” лойиҳаси қандай қуриляпти?
Business
−
20:03 2136 3 minutes
Экология, канализация, миллионлаб дарахтлар, бепул пляжлар ва маҳаллий аҳоли учун очиқ ҳудудлар – тадбиркор Эмин Агаларов ўтган йили Чорвоқдаги “Sea Breeze Uzbekistan” лойиҳаси тақдимотида бир қатор ваъдаларни берганди. Аммо орадан бир йил ўтди. Шунча ваъда берган Эмин Агаларовнинг Agalarov Development компанияси томонидан Тошкент вилоятидаги Чорвоқ сув омбори соҳилида қурилаётган “Sea Breeze Uzbekistan” лойиҳасида қурилиш ишлари бугун қандай кетмоқда? Қурилиш майдонида экологик хавфсизлик бўйича нималар қилиняпти? Оқова сув масаласи қандай ҳал этиляпти? Шу саволларга жавоб топиш мақсадида QALAMPIR.UZ қурилиш жараёнини ўрганди.
.jpg)
Мазкур лойиҳанинг биринчи босқичида 190 гектар майдонда қурилиш ишлари бошланган. Лойиҳа 2025-2035 йиллар давомида босқичма-босқич амалга оширилиши режалаштирилган. Чорвоқ сув омборининг умумий қирғоқ чизиғи 90 километрдан ортиқ бўлса, “Sea Breeze Uzbekistan” лойиҳаси шундан қарийб 7 километрлик ҳудудда жойлашади.
.jpg)
Лойиҳа вакилларининг айтишича, айни пайтда асосий эътибор қурилиш жараёнининг атроф-муҳитга таъсирини камайтиришга қаратилган. Хусусан, қурилиш вақтида юзага келадиган чангни бостириш учун 7 та сув пуркагич қурилмаси ишлатилмоқда. Оғир техникалардан фойдаланилаётгани сабабли йўлларда чанг кўтарилмаслиги учун улар мунтазам равишда суғориб турилибди. Бироқ қурилиш майдонидаги асосий савол фақат чанг билан боғлиқ эмас.
.jpg)
Чорвоқ бўйидаги лойиҳада энг катта экологик хавф – оқова сувлар масаласи. “Sea Breeze Uzbekistan”да эса оқова сувларнинг сув омборига тушишига йўл қўйилмаслиги айтилган. Лойиҳа маълумотларига кўра, курорт мажмуасининг барча оқова сувлари келгусида Чирчиқ шаҳрининг тозалаш тизимига йўналтирилади.

Аммо бу тизим ҳали тўлиқ ишга туширилмаган. Лойиҳа вакилларининг маълумотига кўра, 2026 йил охиригача учта тозалаш иншоотини харид қилиш режалаштирилган. Қурилишнинг ҳозирги босқичида доимий тозалаш иншоотларига ҳали эҳтиёж мавжуд эмас, чунки турар жой объектлари фойдаланишга топширилмаган. Ҳозирча эса қурилиш шаҳарчасида герметик йиғиш сиғимларидан фойдаланилмоқда. Улар махсус ассенизация техникаси ёрдамида бўшатиб турилади.
.jpg)
Ҳозиргача эса лойиҳа ҳудудида 1 мингдан ортиқ дарахт ва ўсимлик экилган. Яна мингдан ортиқ кўчат экиш ишлари давом этмоқда. Лойиҳа вакиллари мавжуд дарахт ва ўсимликларни имкон қадар сақлаб қолиш, зарур ҳолларда эса уларни ҳудуднинг бошқа қисмига кўчириб ўтказишни режалаштираётганини билдирмоқда. Биринчи босқичда 700 метрдан ортиқ ободонлаштирилган яшил ҳудуд яратиш режалаштирилган.
Лойиҳа атрофидаги баҳсларнинг яна бири – пляжлар масаласи. Мастер-режада эса Lighthouse, Park Residences, Marina Village ва бошқа кўплаб объектлар кўзда тутилган. Яъни, бир томонда – премиум кўчмас мулк, иккинчи томонда эса – оммавий туризм. Лойиҳа битгач, манашу ҳудудда маҳалий аҳоли учун бепул пляжлар ташкил этилади.
“Sea Breeze Uzbekistan” лойиҳасининг биринчи босқичидаги қурилиш жараёнлари билан танишар эканмиз, чангни бостириш учун сув пуркагичлардан фойдаланилаётгани, қурилиш чиқиндиларини олиб чиқиш тизими йўлга қўйилаётгани ва ҳудудда дарахт экиш ишлари бошланганига гувоҳ бўлдик.
Ҳозирча оқова сувлар эса махсус герметик, яъни сув ўтказмайдиган сиғимларда йиғилаётгани айтилди. Лойиҳа вакилларининг айтишича, доимий оқова сувларни тозалаш тизими курортнинг кейинги босқичларида йўлга қўйилади.
Шу билан бирга, лойиҳа ҳали тўлиқ якунланмаган. Шу сабабли, унинг Чорвоқ экотизимига узоқ муддатли таъсири ҳақида ҳозирнинг ўзида якуний хулоса чиқариш қийин.
Лойиҳанинг биринчи босқичида 1 000 тагача иш ўрни, бутун курорт ривожланиши давомида эса қарийб 8 000 та иш ўрни яратиш режалаштирилган.
“Sea Breeze Uzbekistan” қуриб битказилгач эмас, айнан қурилиш жараёнидаёқ экологик стандартларга қандай риоя қилинаётгани жамоатчилик учун муҳим мезон бўлиб қолади. Чунки лойиҳанинг иқтисодий самараси билан бир қаторда, унинг Чорвоқнинг табиий муҳитига таъсири ҳам узоқ муддат давомида баҳоланади. QALAMPIR.UZ эса лойиҳа ривожини ва унинг атроф-муҳитга таъсирини кузатишда давом этади.
Sayt | 71 215 55 55
Реклама ҳуқуқи асосида
Live
All