Талант Мамитов Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди

Жамият 5836
image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 30 декабрь куни Қирғиз Республикаси Президенти вазифасини бажарувчиси Талант Мамитов билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, суҳбат аввалида томонлар кириб келаётган Янги йил муносабати билан бир-бирларини самимий қутлаб, икки халққа тинчлик, фаровонлик ва бардавом равнақ тилаган.

Талант Мамитов Шавкат Мирзиёевга коронавирус пандемиясига қарши курашда кўрсатилган катта кўмак ва амалий ёрдам, шу жумладан, Қирғизистон ҳудудларида мобил тиббиёт марказларини қуриш лойиҳалари амалга оширилгани учун чуқур миннатдорлик билдирган.

Икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва кўп қиррали шериклик алоқаларини изчил мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари ҳам муҳокама қилинган.

Ўзбекистон-Қирғизистон ҳамкорлиги кун тартибидаги муҳим масалаларни, энг аввало, саноат кооперацияси, савдо, иқтисодиёт ва минтақавий транспорт йўлакларини ривожлантириш чораларини илгари суриш муҳимлиги қайд этилган. Мулоқот сўнгида Ўзбекистон Республикаси Президенти 2021 йил бошида Қирғизистондаги муҳим ички сиёсий тадбирларни ўтказишда муваффақият тилаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ёрдами билан Қирғизистонда 200 ўринли шифохона қурилганди.

Кейинчалик, Қирғизистонда Ўзбекистон маблағидан яна иккита шифохона қурилди.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 149
Рейтинг: 3
t
×