Талабаларга “квартира” тўлови масаласида енгилликлар бериляпти

Жамият

image

Ўзбекистонда талабаларга ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш тизими соддалаштирилмоқда. Бу кеча, 14 август куни Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган “Олий таълим муассасалари талабаларини турар-жой билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда назарда тутилган.

Унга кўра, талабаларга ойлик ижара тўловининг бир қисми ижара шартномасининг суммасидан қатъи назар Тошкент шаҳрида – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари (330 минг сўм), қолган ҳудудларда – базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари (165 минг сўм) миқдорида тўланиши белгилаб қўйилди.

Ижара тўловининг бир қисмини қоплаш учун талабаларга қўйиладиган бир қатор талаблар бекор қилиниб, талабгорни аниқлаш мезонларини белгилаш ваколати олий таълим муассасасидаги комиссияга бериляпти.

Қайд этилишича, бу орқали ҳақиқатда ижарага эҳтиёжманд бўлган талабаларнинг имтиёздан фойдаланиш имконияти янада оширилади.

Шунингдек, биринчи босқич талабаларига сентябрь ва октябрь ойлари учун ижара шартномаси талаб этмасдан ойлик ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш тартиби жорий этилмоқда.

Аввалроқ 2023/2024 ўқув йилида 1-курс талабалари, 2024/2025 ўқув йилидан эса барча курс талабалари учун давлат ОТМ ётоқхонасига жойлашиш онлайн амалга оширилиши ҳамда айрим тоифадаги талабалар устуворлик асосида ётоқхонага жойлаша олиши ҳақида хабар берган эдик.


Мақола муаллифи

Теглар

тўлов талабалар квартира

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг