Талабалар учун маҳаллий авиақатновларга чегирма муддати узайтирилди
Жамият
−
08 Январь 2022
3465Ўзбекистонда талабаларга маҳаллий авиақатновлар учун берилган чегирманинг амал қилиш муддати жорий йилнинг 24 январига қадар узайтирилди. Бу ҳақда “Uzbekistan Airways” хабар берди.
“2021/22 ўқув йилининг иккинчи ярмини тўлиқ ва пухта тайёргарлик кўрган ҳолда бошлаш мақсадида олий ва профессионал таълим муассасалари, академик лицей талаба-ўқувчилари учун қишки таътил муддати 2022 йил 24 январга қадар узайтирилгани боис “Uzbekistan Airways” АЖ 23 январга қадар талабалар учун республика бўйлаб амалга ошириладиган ички рейсларга нисбатан жорий қилинган 50 фоизлик чегирма муддатини узайтирди. 10 январга қадар чегирма асосида харид қилинган авиачипталар 23 январгача режалаштирилган рейсларга бепул қайта бронь қилинади”, дейилади хабарда.
Шунингдек, авиакомпания жорий йилнинг 20-23 январь кунлари қўшимча рейсларни амалга оширилишини маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, қишки таътил жорий йилнинг 11 январь кунига қадар давом этиши керак эди, бироқ ушбу муддат 24 январь кунига қадар узайтирилди.
Таътил даврида олий ва профессионал таълим муассасалари, академик лицейлар талаба-ўқувчиларининг вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида ОТМ ректорлари ҳамкорлигида онлайн фан олимпиадалари ҳамда интеллектуал викторинлар ташкил этилади.
Аввалроқ, “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ ҳам талабаларга мурожаат билан чиқиб, темирйўл чипталари тариф қисмидан 50 фоиз миқдорида чегирма берилиши муддати ҳам, 11 январгача бўлган даврга харид қилинган авиа ва темирйўл чипталарини бепул тарзда алмаштириб бериш муддати ҳам 2022 йилнинг 24 январига қадар узайтирилгани маълум қилганди.