ОТВ талабаларга муҳим мурожаат билан чиқди
Жамият
−
07 Январь 2022
21914Хабарингиз бор, талабалар учун қишки таътил муддати 24 январга қадар узайтирилган, бунда талабаларнинг темир йўл ҳамда авиачипталари бошқа муддатга бепул алмаштириб берилиши, шунингдек 50 фоизлик чегирмалар муддати 24 январга қадар белгиланган эди.
Бугун, 7 январь куни ижтимоий тармоқларда айрим ҳудудлардаги темир йўл кассаларида билетини алмаштирмоқчи бўлган талабаларнинг катта навбатлари юзага келгани акс этган видео тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ талабаларга мурожаат билан чиқди.
“Темирйўл чипталари тариф қисмидан 50 фоиз миқдорида чегирма берилиши муддати ҳам, 11 январгача бўлган даврга харид қилинган авиа ва темирйўл чипталарини бепул тарзда алмаштириб бериш муддати ҳам 2022 йилнинг 24 январига қадар узайтирилганини яна бир бор эслатиб ўтамиз.
Шундай экан, азиз талабалар, ҳурматли ота-оналар 24 январга қадар захирангизда қарийб 17 кун бор”, дейилади хабарда.
Шунингдек, барча талабаларнинг 11 январгача бўлган даврга харид қилинган темирйўл чипталари тўлиқ бепул тарзда алмаштириб берилишини, эҳтиёждан келиб чиқиб, қўшимча йўловчи поездлар қатнови ҳам йўлга қўйилиши режалаштирилганини ҳам маълум қилди.
“Талабалар чипталарни жойлардаги (шаҳар, туман) темирйўл кассаларидан ҳам алмаштириш имконига эга. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, сиздан чипта кассаларида узоқ навбатларда туриб, вақтингизни беҳудага сарфламаслигингизни сўраймиз”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси