Таиландда пиротехника омбори портлаши оқибатида 9 киши ҳалок бўлди
Олам
−
29 Июль 2023
3812Бугун, 29 июль куни Таиланднинг Наратҳиват провинциясидаги порох омборида содир бўлган портлаш оқибатида 9 киши ҳалок бўлди, 115 киши жароҳатланди. Бу ҳақда “Thaipbsworld.com” хабар берди.
Қайд этилишича, ҳолат Сунгаи Колок шаҳрида содир бўлган. Портлаш қурилиши давом этаётган бинода пайвандлаш ишлари олиб борилгани сабабли келиб чиққан.
"Сунгаи Колокдаги петардалар сақланадиган омбор бугун тушдан кейин портлади. Охирги маълумотларга кўра, тўққиз киши ҳалок бўлди ва 115 киши яраланди. Ҳозирда ёнғин назорат остида. Дастлабки терговга кўра, бунга пўлатни пайвандлаш жараёнидаги техник хатолик сабаб бўлган, чунки, бинода қурилиш ишлари кетмоқда”, дейилади хабарда.
Тармоқларда тарқалаётган видеолардан ҳавога тутун кўтарилаётгани, портлаш кучидан дўконлар, уйлар ва транспорт воситаларига жиддий зарар етганини кўриш мумкин.
Хабарларга кўра, Малайзия чегарасида жойлашган мазкур шаҳарчадаги 500 га яқин уйга портлаш оқибатида шикаст етган.
“Мен уйим ичида телефон ўйнаб ўтиргандим. Бирдан баланд ва гумбурлаган шовқин эшитилди ва бутун уйим ларзага келди”, дейди портлаш нуқтасидан 100 метр узоқликда яшовчи киши.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Арманистон пойтахти Еревандаги савдо марказининг пиротехника омборида содир бўлган портлаш оқибатида 16 киши ҳалок бўлган эди.