Тадбиркорлик субъектларининг “пропискаси” солиқ органлари рухсати билан ўзгартирилади
Жамият
−
12 Февраль 2021
3536Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 декабрдаги 763-сон қарорига асосан, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сон қарорининг 1-иловасига мувофиқ тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомга ўзгартиришлар киритилди.
Унга мувофиқ, эндиликда бажарилмаган солиқ мажбурияти мавжуд тадбиркорлик субъектларининг юридик манзилини ўзгартириш билан боғлиқ қайта рўйхатдан ўтиши солиқ органининг электрон хулосаси асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилди.
Бунда, солиқ органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг мажбуриятлари бажарилиши қуйидаги мезонлар асосида текширилади:
• базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари (73,5 млн. сўм)дан ортиқ солиқ қарзи мавжудлиги
• амалга оширилган товар айланма ҳажмининг солиқ ҳисоботларида тўлиқ акс эттирилганлиги
• товарлар импорти бўйича реализация ҳажмининг солиқ ҳисоботларида тўлиқ акс эттирилганлиги
• солиқ ҳисоботлари белгиланган муддатларда топширилганлиги.
Агар, тадбиркорлик субъекти ушбу мезонлар бўйича солиқ мажбуриятини бажарган деб топилса, қайта рўйхатдан ўтказилади.
Солиқ мажбурияти бажарилмаганлиги сабабли кўчишга рухсат этилмаган субъектлар солиқ мажбуриятларини тўлиқ бажаргандан сўнг манзилини ўзгартириш билан боғлиқ қайта рўйхатдан ўтиш бўйича Давлат хизматлари марказларига такроран мурожаат қилиш ҳуқуқи эга.
Эслатиб ўтамиз, ушбу тартиб 2021 йил 2 мартдан бошлаб кучга киради.
LiveБарчаси