Тадбиркорлик кодекси Сенатда маъқулланди
Жамият
−
15 Август
3180Сенатнинг 55-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Тадбиркорлик кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонун маъқулланди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ журналисти Сенат мажлисидан хабар берди.
Қайд этилишича, қонун билан тасдиқланаётган Тадбиркорлик кодексида 100 дан ортиқ қонунчилик ҳужжатларини унификация қилиш назарда тутилган бўлиб, унинг асосий мақсади тадбиркорлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Мазкур кодекс тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг ягона тизими бўлиб, тадбиркорлик фаолиятининг эркинлиги ва қонунийлигини таъминлаш, субъектлар тенглиги, ҳалол рақобат, виждонийлик презумпцияси, коррупциядан холис бўлиш каби асосий принципларни ўз ичига олади.
Кодексда фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятида эркин иштирок этиши ва ундан манфаатдор бўлиши учун кафолатлар ҳамда шароитлар яратиш, хусусий мулк, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш асосий вазифа сифатида белгиланмоқда.
Кодекс билан тадбиркорлик субъектлари кичик, ўрта ва йирик тоифаларга ажратилмоқда (амалда тоифа сифатида фақат кичик тадбиркорлик субъекти мавжуд эди).
Якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлмаган фаолият турлари белгиланган ҳолда уларга қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи берилмоқда.
Тадбиркорлик кодексининг қабул қилиниши тарқоқ қонунчилик ҳужжатларини ягона ҳужжатга бирлаштириш, тадбиркорлик соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини барқарорлаштириш, давлатнинг тадбиркорлик соҳасига аралашувини камайтириш, шунингдек, тадбиркорлик ҳуқуқи соҳасида ягона ёндашувни белгилашга хизмат қилиши таъкидланди.
Сенат “Ўзбекистон Республикаси Тадбиркорлик кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонунни маъқуллади.
LiveБарчаси