Тадбиркорларга Ўзмиллийбанк спорт заллари ва футбол майдони учун имтиёзли кредит беради
Жамият
−
19 Март 2019
21371Аввалроқ, бугун, 19 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ёшларга эътиборни кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларга ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини сингдириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилгани ҳақида хабар берган эдик.
Йиғилишда Ўзбекистонда 12 мингдан зиёд спорт иншоотлари борлиги, лекин ёшларни жисмоний тарбия ва оммавий спортга қамраб олиш даражаси етарли эмаслиги қайд этилди. Маълум қилинишича, умумтаълим мактабларининг спорт анжомлари билан жиҳозланиш кўрсаткичи мамлакат бўйича 56 фоизни, жумладан, Сурхондарё вилоятида 12 фоизни, Хоразмда 14 фоизни, Қорақалпоғистонда 15 фоизни ташкил этади, холос.
Йиғилишда ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш борасидаги чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Туман ва шаҳарлар ҳокимларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарларига мутахассислар билан биргаликда ёшларнинг спорт турларига қизиқиши ҳамда спорт иншоотларининг жиҳозланиш даражасини ўрганиб, шу асосда таклифлар бериш, Вазирлар Маҳкамасига уларни амалга ошириш учун зарур маблағлар манбасини аниқлаш вазифаси юклатилди.
Олис ва чекка қишлоқларда енгил конструкцияли сендвич панеллардан кичик спорт заллари ва сунъий қопламали майдонлар қуриш, ташаббускор тадбиркорларга спорт иншоотлари ташкил этиш учун ер ажратиш зарурлиги таъкидланди. Бундай тадбиркорларга Ўзмиллийбанк томонидан “Ёшлар – келажагимиз” дастури доирасида имтиёзли кредитлар ажратилади.
Жойлардаги спорт мактабларига халқаро мусобақаларда ғолиб бўлган таниқли спортчиларни раҳбар этиб тайинлаш, шунингдек, спортчиларни олий ўқув юртларининг махсус сиртқи бўлимларида мақсадли ўқитиш яхши натижа бериши қайд этилди. Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари сонини кўпайтириш юзасидан топшириқлар берилди.
LiveБарчаси