Tабиат инсониятдан қасос олмоқда – Антониу Гутерриш
Олам
−
10 Сентябрь 2022
4549Покистон иқлим ўзгариши таъсиридан энг кўп зарар кўрган давлатлар қаторида кирди. Бу ҳақда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Покистонга икки кунлик ташрифи чоғида Бош вазири Шаҳбоз Шариф билан учрашувда айтиб ўтди.
Қайд этилишича, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ташрифи давомида Покистондаги ҳолатни ўрганиб, ушбу фожиада яқинларини йўқотган барчага ҳамдардлик билдирган.
Ташриф давомида Гутерриш Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф билан учрашган.
“Мен халқаро ҳамжамиятга бир неча сўз айтмоқчиман. Ушбу инқирозларга қарши туриш учун Покистон кучли молиявий ёрдамга муҳтож. Бугун мен эшитган баъзи ҳисоб-китобларга кўра, Покистонни тиклаш учун 30 миллиард доллар керак. Ва ушбу миқдор ўсишда давом этмоқда”, дейди Антониу Гутерриш.
Унинг таъкидлашича, покистонликларни қўллаб-қувватлаш ниҳоятда муҳим. Унга кўра, бу фақат бирдамлик масаласи эмас, адолат масаласи ҳам ҳисобланади.
“Ҳозир биз фалокатга юз тутаётганимизни тан олиш вақти келди. Биз табиат билан жанг қилдик ва табиат ўч олиш билан зарба берди. Бугун Покистонда содир бўлаётган воқеа эртага исталган мамлакатда содир бўлиши мумкин”, дея огоҳлантирган БМТ раҳбари.
Шунингдек, у сув тошқини оқибатларини бартараф этишда покистонликларни, нодавлат ташкилотларни ва мамлакат ҳукуматининг катта саъй-ҳаракатларини олқишлаган.
Эслатиб ўтамиз, Покистонда жорий йилнинг 14 июнидан бери давом этган муссон ёмғирлари оқибатида кузатилаётган тошқинлар қурбонлари сони 1396 кишига етди.
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси