Таълим кредити қандай олинади?
Жамият
−
12 Август 2020
24845Ўзбекистонда олий таълим муассасаларида тўлов-контракт миқдори юқорилиг сабаб кўпчилик оилалар фарзандини ўқитиш учун кредит олишига тўғри келади. Аммо кредит олиш тартибини билмаслик ёки банк ходимининг мижозга тўғри-тузук тушунтирмаслиги ортидан кўп ҳолларда ортиқча сарсонгарчилик келтириб чиқаради.
Марказий банк Матбуот котиби Акмал Назаров фуқаролардан келаётган саволларга жавоб қайтариб, таълим кредити олиш тартиби ҳақида батафсил маълумот берди.
Тaълим кредитлари тижорат банклари томонидан олий таълим муассасаларининг кундузги бўлимларига тўлов-контракт асосида қабул қилинган Ўзбекистон фуқароси бўлган талабаларнинг ўқиши учун уларнинг ўзига, ота-оналарига ёки васийларига берилиши мумкин.
Таълим кредитлари, олий таълим муассасаларида ўқиш даври ҳисобга олинган ҳолда, бакалавриатга қабул қилинган талабаларга — 10 йилгача, магистратура босқичи талабаларига — 5 йилгача бўлган муддатга берилади.
Ҳозирги карантин даврида таълим кредити ажратиш хизматини масофавий равишда кўрсатилиши тижорат банклари томонидан мустақил белгиланади.
Таълим кредитини олиш учун қарз олувчи банккa қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
а) таълим кредити бериш тўғрисидаги ариза;
б) талаба ва олий таълим муассасаси ўртасидаги тўлов-контракт асосида ўқиш ҳақида белгиланган тартибда расмийлаштирилган шартнома. Ушбу шартномада ўқишнинг белгиланган муддати ва бир йил учун тўлов миқдори кўрсатилган бўлиши лозим.
г) кредитни қайтаришнинг таъминланиши тўғрисида ҳужжат;
д) имтиёзли таълим кредитлари олиш ҳуқуқига эга бўлган чин етимлар, “Меҳрибонлик уйлари”да тарбияланганлар, болаликдан I ва II гуруҳ ногиронлари, кам таъминланган оила фарзандлари тегишли тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этадилар.
Кредит қайтмаслиги хавфининг олдини олиш мақсадида қарз олувчи қуйидаги таъминлаш шаклларидан бирини банкка тақдим этиши лозим:
• мол-мулк ёки қимматли қоғозларни гаровга қўйиш;
• учинчи шахс кафиллиги;
• суғурта компаниясининг қарз олувчи кредитни қайтара олмаслиги хавфи суғурта қилинганлиги тўғрисидаги суғурта полиси;
• фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг кафиллиги (бу ҳужжат фақат чин етимлар ва “Меҳрибонлик уйлари”да тарбияланганлар, болаликдан I ва II гуруҳ ногиронлари ва кам таъминланган оилалардан чиққанлар учун сўралади).
Таълим кредитини олиш тартиби тўғрисидаги батафсил маълумотлар Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 26 июлдаги 318-сонли қарори билан тасдиқланган “Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисидаги низом”да ва тижорат банкларининг расмий веб-сайтларида келтирилган.
LiveБарчаси