Таълим, қурилиш, соғлиқни сақлаш ва суд тизими нега энг коррупциялашган? Норбоева жавоб берди

Жамият

image

Ўзбекистондаги коррупция ҳолатлари ҳақида сўз очилса, биринчи навбатда таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидан порахўрлик ҳолатлари тилга олиниши одатга айланган. Авваллари болани мактабгача таълим ташкилотига жойлашдан тортиб, то олий ўқув юртига кириши учун ҳам кимнингдир чўнтагига қўл суқиш кераклиги айтиларди. Бу орада коррупцияни келтириб чиқарадиган айрим майда омилларга тўсиқ қўйилди, “наҳанг”лар эса янги йўлларни топишда давом этмоқда. Маҳалладан “справка” олиш, болани мактабга жойлаш коррупциясиз битаётгандир, аммо унинг ўрнига янги ва ёқа ушлатадиганлари ўйлаб топилмоқда. Бу эса пандемия даврида яққол намоён бўлди. Ўрнатилган чекловларни ошиб ўтиш учун кимнингдир оғзини мойламоқчи бўлганлар ҳам топилди. Ёки ўз мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, давлат бюджети маблағларини ўғрилаганлар ҳам талайгина бўлди. Бу коррупциянинг бироз бошқача кўриниши. 

Хўш, Ўзбекистонда қурилиш, соғлиқни сақлаш, таълим ва суд тизими соҳалари нима учун коррупцияга энг кўп ботган соҳалар сифатида айтилади? Ушбу саволга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши раиси Танзила Норбоева “Спутник” нашрига берган интервьюсида тўхталиб ўтди. 

“Чиндан ҳам ушбу соҳаларда коррупция хавфи юқори ва бунинг сабаби шундаки, афтидан ушбу соҳаларда инсон омили, бошқарув тизимидаги, давлат хизматини ташкил этишдаги камчиликлар – ҳаддан ортиқ бюрократия ва маъмурий тўсиқлар ва бошқа чиқимлар кўпроқдир. Шу муносабат билан бундай омилларнинг таъсирини нафақат ушбу фаолият соҳасидаги ишларда, балки бошқа фаолият соҳаларида ҳам камайтириш зарур”, дейди Норбоева. 

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бюрократик тўсиқларни камайтириш ва бартараф этишга қаратилган ишларда ҳал қилувчи қадам бўлди. Фармонга мувофиқ 2021 йил 1 январдан бошлаб 70 турдаги лицензия ва 35 та рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат бекор қилинмоқда.

“Электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари кўламини кенгайтириш бўйича кўрилаётган чоралар коррупцияга қарши курашишнинг кучли воситаларидан бирига айланди. Шу нуқтаи назардан электрон ҳукуматни ривожлантириш муҳимлигига урғу бермоқчиман. Унинг коррупцияни камайтиришдаги салоҳияти ҳали етарлича амалга оширилмаган ва шу сабабли биз жойларда электрон ҳукумат фаолияти механизмидан фойдаланишни кенгайтириш бўйича ишларни кучайтиришимиз керак.

Шу билан бирга, нафақат юқорида санаб ўтилган соҳаларда, балки давлат ҳаёти ва фаолиятининг бошқа соҳаларида ҳам айрим давлат органлари ходимлари ҳуқуқий маданиятининг паст даражаси коррупцияни келтириб чиқарувчи тизимли сабаблардан бири бўлиб, уни йўқ қилиш учун ҳали кўп ишлар қилиниши керак. Афсус билан таъкидлаш жоизки, айрим давлат органлари ходимларининг ҳуқуқий онги коррупция жамиятимиз ҳаётини бузадиган ҳодиса эканини англайдиган даражага етмаган”.

Маълумот ўрнида, 2020 йилнинг январь – сентябрь ойларида коррупциявий жиноятларда айбланган 647 мансабдор жиноий жавобгарликка тортилган. Улар орасида 89 нафари Халқ таълими вазирлиги, 57 нафари Соғлиқ сақлаш вазирлиги, 36 нафари Мактабгача таълим вазирлиги, 15 нафари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизими ходимлари. 


Мақола муаллифи

Теглар

коррупция Танзила Норбоева

Баҳолаганлар

150

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг