“Свет”га норма қўйиляпти. Уйини электрда иситадиганларнинг ҳоли не кечади?
Жамият
−
01 Июнь 2022
17521Хабарингиз бор, жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб, аҳоли учун 1 кВт соат электр энергияси истеъмоли ойига 250 кВт соатгача – 325 сўм, 250 кВт соатдан юқори ҳар 1 кВт соат учун – 650 сўм этиб белгиланиши режалаштирилиб, ижтимоий ҳимоя самарадорлигини ошириш учун “ижтимоий норма” тизими бутун республика бўйича амалга киритилиши белгиланмоқда.
Хўш, кўп қаватли уйларни иситиш учун табиий газдан эмас, балки электр плиталаридан фойдаланадиган фуқаролар бир ойда 250 кВт дан ортиқ энергиядан фойдаланса, туман электр тармоқлари ташкилоти вакилларига бу хонадон эгасига ҳам ”ошириб истеъмол қилинган электр энергияси учун 650 сўмдан тўлайсан”, деган шартни қўйиш олиб келмайдими? Ушбу саволга Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари Бобур Абдуназаров жавоб берди.
“Бу эълон қилинган Вазирлар Маҳкамасининг (Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида) қарори лойиҳасининг биринчи иловасида келтириб ўтилган эди. Унга кўра, овқат тайёрлаш учун марказлашган ҳолда электр плиталари билан жиҳозланган кўп квартирали уй-жойлар ва ётоқхоналарда яшайдиган маиший истеъмолчилар учун 1 кВт соат электр энергияси нархини 165 сўмдан этиб белгилаш таклиф қилиняпти. Бунгача ҳам доимий равишда 50 фоизда тўловни амалга оширган.
Газ билан таъминланмаган ва асосан фақат электр энергиясида овқат пиширадиган кўп квартирали уй-жойлар ва ётоқхоналарни ҳисобга олиб, ижтимоий нормалар ушбу хонадонларга нисбатан қўлланилмаслиги қарор лойиҳасида кўрсатиб ўтилган”, дейди Абдуназаров.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб Ўзбекистон бўйлаб аҳолига газ ва электр энергияси учун “ижтимоий норма” жорий қилинади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида”ги қарор лойиҳасида белгиланган.
LiveБарчаси