Сув муаммоси: Янгийўл аҳолиси ҳам ичимлик сувисиз қолди

Жамият 1140
image

Тошкент вилояти Янгийўл шаҳри ҳудудидан ўтувчи ичимлик суви қувурида юзага келган носозликларни бартараф этиш мақсадида 2021 йил 12 январь куни соат 06:00 дан 20:00 га қадар “Гулбаҳор” ҳамда “Ниёзбош” сув иншоотларида насос агрегати тўхтатилади.

“Тошкент сув таъминоти” МЧЖ ахборот хизматига кўра, Янгийўл шаҳар “Фаровон”, “Файзли”, “Олтинобод”, “Туркистон”, “Мустақиллик”, “Мевазор”, “Рамадон”, “Сабо”, “Наврўз”, “Ишчилар шаҳарчаси”, “Олмос”, “Мезон”, “Янгибоғ”, “Бахт” МФЙлари ҳудудларида ичимлик суви босими пастлиги ва узилишлар, Янгийўл туман “Фаровон”, “Гулистон”, “Намуна”, “Бинокор”, “Гулбоғ”, “Маданият”, “Пахта”, “Ниёзбош”, “Ўзбекистон”, “Қирсадоқ” МФЙлари ҳудудларида ичимлик суви таминотида узилишлар юзага келади.

Ушбу носозликлар Янгийўл шаҳар бўлими масъул ходимлари томонидан бартараф этилганидан сўнг ичимлик суви таъминоти бир меъёрда узатилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилояти “Хонобод-Андижон” марказий сув қувури ёрилиб кетгани ва ундан катта миқдордаги сув отилиб чиқаётгани сабабли айрим ҳудудларда ичимлик суви таъминоти тўхтатилгани оқибатида аҳоли сув ғамлаётгани ҳақида хабар берган эдик. 

Андижондан сўнг, Наманган вилоятидаги “Пахталикўл” сув узатиш иншоотида Д-1000 миллиметрли юқори босимли магистрал тармоқларда фавқулодда носозлик содир бўлгани сабабли, мазкур иншоот фаолияти соат 10:00 дан бошлаб вақтинчалик тўхтатилгани хабар қилинди.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 7
Рейтинг: 3.4
t
×