Сув ҳавзаларида электромоторли қайиқлардан фойдаланишга рухсат берилади

Жамият

image

Ўзбекистондаги сув ҳавзаларида моторли транспорт воситалари ҳаракатланишига рухсат берилади. Бу ҳақда жорий йилнинг 4 сентябрь куни “Сув ҳавзаларида моторли (ички ёнув двигателли) ва электромоторли сув транспорти воситаларидан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштириш ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2025 йил 1 майдан эътиборан табиий ва сунъий сув ҳавзаларида фақат тезликни автоматик пасайтириш ускунаси билан жиҳозланган (ҳаракатланиш максимал тезлиги 40 км/соатдан ошмайдиган моторли қайиқлар бундан мустасно), GPS ускунаси ўрнатилган ҳамда миллий GPS мониторинг ва навигация тизимига уланган моторли ва электромоторли сув транспорт воситаларидан фойдаланишга рухсат берилади.

Сув транспорт воситаларининг рухсат этилган ҳаракатланиш максимал тезлиги 40 километр/соат, кемалар тўхташ жойлари ҳамда аҳоли турар жойлари чегараларида – 20 км/соат, пляжлар ва аҳолининг оммавий дам олиш жойлари чегараларида эса – 5 км/соат этиб белгиланади.

Шунингдек, ушбу вақтдан бошлаб юридик ва жисмоний шахслар томонидан сув транспорти воситаларидан (бундан электромоторли сув транспорти воситалари мустасно) фойдаланиш натижасида атроф -муҳит ифлослантирилгани учун қуйидаги миқдорда йиллик компенсация тўловлари ундирилади:

  • моторли қайиқ ва гидроцикллар учун БҲМнинг 10 баравари;
  • катер учун БҲМнинг 15 баравари;
  • яхталар учун БҲМнинг 25 баравари.

Моторли сув транспорти воситалари компенсация тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилганидан сўнг йиллик техник кўрикдан ўтказилади. Компенсация ундиришдан тушган маблағлар Экология жамғармасига ўтказилади ва сув ҳавзалари ифлосланишини олдини олиш бўйича чора-тадбирларни молиялаштиришга сарфланади.


Мақола муаллифи

Теглар

сув ҳавзалари моторли транспорт воситалари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар