Сўровнома – ўзбек оилаларидаги келишмовчиликлар, асосан, нимадан келиб чиқмоқда?

Жамият

image

2020 йилнинг апрель ойида “Оила” маркази томонидан “Карантин даврида оилалардаги муносабатларни ва эҳтиёжларни баҳолаш” мавзусида тезкор онлайн сўровнома ўтказилди. Бу ҳақда марказ Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Тезкор-сўров натижаларига кўра, карантинда бирга вақт ўтказган даврда бу ҳолат оила аъзоларининг ўзаро муносабатларига таъсир қилмаган, таъсир қилганда ҳам бу яхши томонга бўлганини иштирокчиларнинг катта қисми қайд этган. Сўровномада иштирок этган 33 фоиз респондентнинг фикрига кўра, баъзида можаролар келиб чиққан ва 2 фоизи оилада тез-тез келиб чиқадиган жанжаллардан хавотирда бўлганини қайд этган.

Можароларнинг 37 фоизи одатдаги турмуш тарзининг ўзгариши ва оила аъзолари ўртасида ўзаро тушунмовчиликдан, 30 фоизи моддий етишмовчиликлардан, 10 фоизи маиший муаммолардар ва 3 фоизи спиртли ичимликларни истеъмол қилишдан келиб чиққан.

Можароларни ҳал қилиш мақсадида ўтказилган сўров натижаларига кўра, оилаларнинг 30 фоизи молиявий ёрдамга, 9 фоизи психологик ва 7 фоизи ҳуқуқий маслаҳатга муҳтож эканлиги маълум бўлган.

Бундан ташқари, 15 фоиз оила ўзларининг келажаклари учун молиявий қийинчиликлар юз бериши мумкинлигидан ташвишда эканини таъкидлаган. 7 фоиз оила эса оилавий аҳволи туфайли тушкунликка тушиб қолган. Фарзандларини онлайн ўқитиш билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келган оилалар миқдори ҳам 7 фоизни ташкил этмоқда.

Маълумот ўрнида, сўровномада Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан жами 468 нафар респондент иштирок этди. Уларнинг 71 фоизини аёллар, 29 фоизини эркаклар ташкил этди. Респондентларнинг 67 фоизи оилали, 22 фоизи ҳали турмуш қурмаган, 7 фоизи бева ва 5 фоизи ажрашганлардан иборат бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

оила

Баҳолаганлар

242

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг