Сурхондарёлик террорчи 10 йил муддатга қамалди
Жамият
−
23 Апрель 2019
82272018 йилнинг ноябрь ойида Давлат хавфсизлик хизмати томонидан Афғонистондаги ҳамкор ташкилотлар ёрдамида 3 нафар ўзбекистонлик фуқаро Ўзбекистонга қайтарилган эди.
Улардан бири 1981 йил Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида туғилган Ўткир Нурбоев бўлиб, у 2010-2011 йилларда “Жиҳодчилар” экстремистик оқимининг Термиз “жамоати” аъзоларидан бўлган. Зимдан раҳнамолари тегирмонига сув қуйиб юрган паллада, айрим шерикларининг қилмиши фош этилгач, 2011 йил охирларида у ишлаш баҳонасида, аслида эса муқаррар жавобгарликдан қочиб, Россияга кетади. Бу ерда “Жиҳодчилар” экстремистик оқимининг бошқа аъзолари билан ижара уйларида йиғинлар ташкил қилиб, экстремистик ақидалар борасида ўзаро маълумотлар алмашишади.
Ўткир Нурбоев 2012 йил бошларида Озарбайжон орқали Туркиянинг Истамбул шаҳрига боради. Сўнг турмуш ўртоғи, шунингдек, ота-онаси, опаси ва унинг турмуш ўртоғи, уч укаси ва икки келини – жами 10 кишини Туркияга чақириб олади. Орадан ярим йилча вақт ўтгач, тўғри йўлдан адашган бутун бир оила аъзолари гўёки “ҳижрат” ва “жиҳод” қилиш мақсадида Покистон Ислом Республикасига ўтиб, “Туркистон ислом ҳаракати” халқаро террористик ташкилотига қўшилади ва ҳукумат қўшинларига қарши жангларда қатнашади. Улар 2014 йил июнь ойида Афғонистонга ўтиб, бу ерда ҳам қуролли жангларда иштирок этишади.
Кейинроқ Ўткир Нурбоев “Ислом давлати Хуросон вилояти” халқаро террористик гуруҳига қўшилиб, қуролли ҳаракатларда қатнашиш билан бирга, гуруҳга янги аъзоларни ёллаш ва уларни Афғонистонда кутиб олиш билан шуғулланиб келади.
Тўғри йўлдан адашган Нурбоевнинг оғир қилмишлари аллақачон ҳаётида аччиқ из қолдириб улгурди. Ўзи бир умрга майиб бўлди, жангоҳларда эса икки нафар укаси аянчли ўлим топди.
2018 йил Ўткир Нурбоев Афғонистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олиниб, Ўзбекистонга депортация қилинди.
Унга нисбатан Давлат хавфсизлик хизмати Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди. Жорий йилнинг 14 март куни жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди томонидан Ўткир Нурбоев 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
LiveБарчаси