Сурхондарёда ишламаётган светофор сабаб ЙТҲ содир бўлди. Қурбонлар бор
3-саҳифа
−
20 Декабрь 2022
5588Сурхондарёда иккита Nexia тўқнашиши оқибатида икки фуқаро вафот этди. Бунга “свет” ўчганлиги туфайли светофор ишламагани сабаб бўлган. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Жорий йилнинг 19 декабрь куни тонги соат 7:30 да Термиз-Денов йўналишида ҳаракатланиб, кетаётган Nexia-3 ва Nexia-1 автомобили ўзаро тўқнашган. Оқибатда Nexia-1 ҳайдовчиси ва йўловчиси олган тан жароҳатлари билан воқеа жойида вафот этган.
Қолган 3 нафар йўловчи ва Nexia-3 ҳайдовчиси шифохонага ётқизилган.
Ўрганишларга кўра, чорраҳада вақтинчалик электр энергияси узиб қўйилгани сабабли светофор ишламаган. Йўл белгилари билан тартибга солинган ушбу чорраҳада Nexia-1 автомобили асосий йўлдан ҳаракатланиб келаётган Nexia-3'га йўл бермасдан чиқиб келган.
Қайд этилишича, светофор ноқонуний электр тармоғига улангани учун тармоқдан ажратиб қўйилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ Сурхондарё вилоятида юқори тезликда ҳаракатланган Lacetti ҳайдовчиси йўл-транспорт ҳодисасини содир этиши оқибатида вафот этгани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси