Кулайми ё ўлайми? Сурхондарёда 37 та мактаб директорсиз ишлаяпти
Жамият
−
04 Февраль 2022
11458Сурхондарёда 37 та умумий ўрта таълим мактаб директорсиз ишлаб келмоқда. Бу вилоятдаги 933 та мактабнинг 4 фоизи дегани. Баъзи мактаблар эса 5 ойдирки раҳбарсиз фаолият юритмоқда. Ушбу муаммо бугун, 4 февраль куни Сенатнинг 23-ялпи мажлисида сенатор Орзиқул Соатов томонидан кўтарилди.
Сенаторнинг саволига жавоб берган Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаевнинг қайд этишича, 37 та мактабнинг ҳар бирида директор қўйилган келинаётгани билан боғлиқ алоҳида масалалар бор.
“Мактабда раҳбар бўлмаса, таълим жараёни ҳам, тарбия жараёни ҳам талаб даражасида бўлмаслиги табиий ҳолат. 37 та директор вакант лавозим мавжудлигининг ҳар бири билан боғлиқ алоҳида ҳолат бор. Янги тартиб бўйича бир йилдан буён директорларни бевосита Халқ таълими вазирлигидан тайинлов амалга оширилгунга қадар Давлат хизматлари агентлиги томонидан биринчи тартиб бўйича ўтказилиши, маҳаллий кенгашлар томонидан номзодларнинг режалари эшитилганидан кейингина у лавозимга тайинланиши белгиланган”, дейди Шарифхўжаев.
Унинг қайд этишича, учта ҳолат мактаб директорлари тайинланишига тўсқинлик қилиши мумкин. Булар:
• директорликка номзоднинг тасдиқланмаслиги;
• маҳаллий кенгашдан ўтказилмаслиги;
• мактаб жамоасининг қаршилиги.
“Директор қўйилиши кераклиги учун номзод тасдиқланиши эмас, балки малакали, ҳам мактаб коллективига, ҳам маҳаллага тўғри келадиган номзод қўйилиши тўғри, деб ҳисоблайман”, дейди Шарифхўжаев.
Вазир ўринбосари ушбу масалани сенатор Орзиқул Соатов билан боғланиб, муҳокама қилишга ваъда берди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев мактаб таълимидаги муаммолар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказиб, унда халқ таълими бўлими мудирлиги ва мактаб директорлигига малакали менежерларни тайинлаш, хориждан мутахассислар жалб қилиш бўйича тавсиялар берганди.
LiveБарчаси