Сурхондарёда ҳайдовчи Damas'да 25 нафар болани олиб кетаётгани аниқланди (видео)

Жамият 8487
image

Сурхондарё вилоятида Термиз туманида М-39 халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўлининг “Янги ҳаёт” МФЙ ҳудудидан ўтувчи қисмида ҳайдовчи Damas русумли машинага 25 нафар боғча ёшидаги болани ортиб олиб кетаётгани аниқланди. Бу ҳақда ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълум қилди.

Ҳайдовчи болаларни уйига олиб бориш учун кетаётган бўлган.

Ҳайдовчи ЙПХ ходимининг “нечта одам ортгансиз”, деган саволига “25 нафар”, деб жавоб қайтарган. Ходим одамлар фарзандини ишониб топширганини, болаларни бундай ташиш хатарли эканини айтган.

Шундан сўнг ЙПХ ходими болаларнинг тарбиячисига уларни олиб кетишни ота-оналарнинг ўзига юклаш кераклигини айтиб ўтган. Ходим Damas автобус эмаслигини, машина одам ташишнинг қоидаси борлигини таъкидлаган.

Бунга жавобан тарбиячи ишлашимиз керак-ку деган. Тарбиячига кўра, у шундай қилиб болаларни тарбиялашга олган. Болалар хавфсизлигини эса уларни олиб келиб, олиб кетувчи ҳайдовчи таъминлайди.

Damas ҳайдовчиси автомобилнинг олд эшигига рухсатсиз қорайтирилган парда ўрнатгани учун жарима майдончасига жойлаштирилган ва унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 126-моддасига (кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали, шунингдек теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қопламали транспорт воситаларидан фойдаланиш) асосан баённома расмийлаштирилган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 174
Рейтинг: 3
Теглар
t
×