Сурхондарёдаги пахта даласига яна иккита афғон ҳарбий вертолёти қўнди (видео)
Жамият
−
16 Август 2021
57134Ижтимоий тармоқларда Афғонистоннинг яна иккита ҳарбий вертолёти Ўзбекистон ҳудудига киргани акс этган видеолавҳалар тарқалмоқда.
Таъкидланишича, ушбу вертолётлар пахта даласига қўнган. Видеолавҳада ҳаво транспорти ичида жами 20 дан ошиқ афғонистонлик учувчи ҳарбий борлигини кўриш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Бош прокуратура Ўзбекистон Республикасининг ҳаво ҳудуди чегарасидан 22 та ҳарбий самолёт ҳамда 24 та ҳарбий вертолёт жорий йилнинг 14-15 август кунлари ноқонуний ўтгани ҳақида маълум қилган. Уларнинг ичида жами 585 нафар қуролланган ҳарбий хизматчилар бўлган. Балки, ушбу видеолавҳада акс этган икки вертолёт ўша 24 та вертолёт сафидадир.
Бундан ташқари, кеча, 15 август куни Қарши шаҳридаги “Хонобод” аэропортига қўниш учун рухсат сўраган Афғонистон Ислом Республикасининг 3 та “ЭМБРАЙЕР-314” русумли ҳарбий самолёти Ўзбекистон томонидан Термиз аэропортига қўниш тўғрисида огоҳлантирилган. Шу билан бирга, улар Ўзбекистон Республикасининг 2 та “МИГ-29” русумли ҳарбий самолёти кузатувига олинган.
Лекин, кузатув давомида “ЭМБРАЙЕР-314” ва “МИГ-29” русумли самолётлар тўқнашиб, Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудига қулаган. Ушбу самолётлар учувчилари парашют (катапульт) орқали ерга тушган.
Қайд этиш керакки, Афғонистон Ислом Республикаси энди йўқ. Жорий йилнинг 15 август куни ҳокимият “Толибон” ҳаракати назоратига ўтди. Улар эса бир вақтлар мавжуд бўлган Афғонистон Ислом Амирлигини қайта тузмоқчи. Президент Ашраф Ғани истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Бошқарувсиз қолган Афғонистон ҳарбийлари мамлакатдан қочишга ҳаракат қилмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь