Сурхондарё ҳокими ўзи ва ёрдамчиларини жами 661 млн сўм билан сийлади
Жамият
−
24 Январь
6772Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ўзи, ўринбосарлари ҳамда туман ҳокимларини жами 661 млн сўм билан тақдирлади. Бу ҳақда ҳокимнинг ўзи фармойиш чиқарди.
Ҳоким фармойиши дастлаб e-qaror.gov.uz платформасида очиқ ҳолда бўлган, аммо ушбу ҳужжат ижтимоий тармоқларда тарқалгандан сўнг, шахсга доир маълумотлар, васийлик ва ҳомийлик ёки амалдаги қонунчиликка мувофиқ бошқа турдаги фойдаланиши чекланган ахборот мавжудлиги туфайли яширилди.
Фармойишга кўра, 14 январь – “Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан ўз фаолиятида эришаёган муваффақиятлари сабаб вилоят ҳокимининг 7 ўринбосарини рағбатлантириш учун 201 млн 250 минг сўм ажратилган.
Шунингдек, вилоят ҳокимининг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарини рағбатлантириш учун 28 млн 750 минг сўм, Термиз шаҳар ва туманлар ҳокимларини рағбатлантириш учун 431 млн 250 минг сўм, жами 661 млн 250 минг сўм маблағ ажратилган.
Қайд этилишича, ушбу фармойишнинг ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Шерзод Ражабов зиммасига юклатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмонқулов ўз секторини “Энг ташаббускор сектор” номинацияси ғолиби, деб эълон қилгани ва сектор раҳбари сифатида маҳаллий бюджетнинг орттириб бажарилган ҳисобидан ўзини ўзи тақдирлаб, 61 млн 875 минг сўм ажратгани хабар қилинганди.