Суриядан 98 нафар ўзбекистонлик қайтарилди

Жамият

Ҳозирда Яқин Шарқдаги Сурия ва Ироқ давлатларида нотинчлик ва жанговар ҳаракатлар давом этмоқда. Ўзбекистон ўзга юртларда қийин аҳволга тушиб қолган, ёт ғоялар таъсирида хорижга чиқиб, турмуш ўртоқлари, ота-оналаридан айрилиб қолган ватандошларнинг қадр-қиммати ва манфаатларини ҳимоя қилиб, уларни Ватанга қайтариш учун махсус операциялар ўтказяпти.

Бугун, 8 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан “Меҳр” инсонпарварлик операциясининг навбатдаги босқичи амалга оширилиб, уруш ҳаракатлари давом этаётган ҳудудлардан 98 нафар ўзбекистонлик, жумладан, 25 нафар аёл ва 73 нафар бола Ватанга қайтарилди. Қайд этиш жоизки, Суриядан олиб келинган 73 нафар бегуноҳ боланинг 14 нафари чин етимлардир.

Самолёт зиналаридан ходимлар ёрдамида кўзларида ёш билан тушиб келаётган онахон Ватан тупроғига қадам қўйганидан сўнг, чексиз шукроналик билан ўз ҳиссиётларини йиғлаб бўлишди. Онахон сўзи аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга раҳмат айтиб, бу кунларни ўн йилдан бери кутганини таъкидлади.


“Президентимизнинг ғамхўрлиги, меҳрибонлигига каттадан катта раҳмат. Роббим Президентимизни мана шундай етимларга ғамхўрлик қилиб, қариларга меҳр-оқибат кўрсатгани учун жаннат неъматларидан рисқлантирсин. У инсонни юртимизга раҳбар бўлганига беадад шукрлар бўлсин. Илоҳим Президентимизни мана шундай хатарли, бомбалар отилиб турган жойларга самолётларни, шундай инсонларни жўнатганига, улар ҳам хизматимизда бўлгани учун қадамларига ҳасанотлар ёғилсин. Президентимиз мана шу юртларда Ислом диёрини ривожлантирибдилар. Мен Ватанимга келишга ўн йилдан бери зор эдим. Алҳамдилиллоҳ, мана шундай инсоннинг шарофати билан юртимга келганимга шукр”, дейди онахон.

 


У сўзида давом этар экан, аёллар икки йилдан бери асирликда эканини, фақатгина Сурияда эмас, Ироқ тарафларда ҳам йиғлаб қолган ўзбек аёллари борлигини айтиб, Президентдан уларни ҳам Ватанга қайтариб олиб келишни илтимос қилди.

“Муслима аёлларимиз икки йилдан бери асирликда. Улар йиғлаганича қолди. Президентимизга илтимос қиламиз, ўшаларни ҳам олиб келсалар, шу ўзбек аёлларимиз ҳам хурсанд бўлади. Фақатгина Сурияда эмас, Ироқ тарафларда ҳам бор, муслималаримиз. Юртим тупроғига озод инсон бўлиб қадам қўйганимга шукрлар қиламан. Асирликдан қутқарганлари учун Президентимизга каттадан катта раҳматлар айтаман. Мен дуодаман, Аллоҳ шу инсонга улуғлик либосини кийдирсин. Ўша юртлардаги ҳамма-ҳамма мўминаларимиз ҳам доим дуода. Биз сизларни мана бир йилдирки, дуо қилиб кутаётгандик. Алҳамдулиллоҳ, бизга насиб қилди. Улар хафа бўлиб қолишди”, дея илтимос қилди онахон.


Суриянинг “қайноқ нуқталари”дан қайтган аёллардан бирига микрофон тутиб, ундан Суриядаги вазият, аёлларга бўлган муносабат ҳақида сўрадик. Аёл ҳозир кайфияти яхшилигини, бўлган воқеаларни эсласа, руҳий ҳолатига таъсир қилишини таъкидлади.

“Ватанга етиб келганим учун кайфиятим кўтарилган. У кунларни эсласам яна руҳий ҳолатимга салбий таъсир қилади. Уч нафар фарзандим бор. Улар ҳар хил жойларда туғилишган. Бу кунларни кўп кутдик. Мана шу кутганларимиз бугун амалга ошди”, дейди аёл.


Суриядан олиб келинган юртдошларни кутиб олишда иштирок этган Тошкент шаҳар бош имом хатиби Нуриддин домла Холиқназаров қийинчилик устида турганларни Ватанга олиб келиш улкан савоб эканлигини таъкидлади.

“Бугун “Меҳр” операцияси устида турибмиз. Албатта, инсон учун энг буюк ва муқаддас жой унинг Ватанидир. Ватанга олиб келинаётган юртдошларимизни кўриб турибмиз. Айни уруш бўлаётган жойларда, қийинчилик ва машаққат устида турган юртдошларимиз ҳам бизнинг ватандошлар. Шахсан Президентимизнинг торшириқлари билан 73 нафар бола ва 25 нафар аёлнинг олиб келинганини кўриб турибмиз. Гувоҳ бўлиб турганимиздек, келганларнинг баъзилари кўзида ёш билан замин ўпиб, сажда қилмоқда. Мана шундай қийинчилик устида турганларни Ватанга олиб келиш – бу улкан савоб. Келган болалар ичида ўн тўрт нафари чин етим. На отаси, на онаси бор. Шу ишларга бош бўлган ва амалга оширганларга Аллоҳдан ажр сўраб қоламиз”, дейди Тошкент шаҳар бош имом хатиби.


Суриядан операция доирасида олиб келинганлар эндиликда соғломлаштириш муассасаларига жойлаштирилиб, иссиқ овқат ва кийим кечак билан таъминланади. Мутахассислар томонидан тиббий ва психологик ёрдамлар кўрсатилади.

Шунингдек, уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича ҳам тегишли ишлар амалга оширилади. Келгусида уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, жамиятга тўлақонли ижтимоий мослашуви учун зарур шарт-шароитлар яратилади.

Аввалроқ Ўзбекистон Республикаси делегацияси Сурия Араб Республикасига ташриф буюриб, ушбу мамлакатда қийин аҳволга тушиб қолган мамлакат фуқаролари, аёллар ва болаларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича навбатдаги акциянинг ташкилий масалаларини ўрганганди.

Эслатиб ўтамиз, “Меҳр” операцияси илк марта 2019 йилнинг май ойида ўтказилган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан, 156 нафар ўзбекистонлик, асосан аёллар ва болалар Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан Ватанга қайтарилган. Улар 30 май куни махсус авиарейсда Тошкент шаҳрига олиб келинган.

Шунингдек, “Меҳр-2” операцияси ўтган йилнинг октябрь муваффаққиятли якунланган. 10 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан ўзбекистонлик 64 нафар бегуноҳ бола махсус авиарейсда Тошкент шаҳрига олиб келинганди. Ироқ давлати ҳукумати ва ЮНИСЕФ Халқаро болалар ташкилоти билан ҳамкорликда она Ватанига қайтарилган бу болалар Ироқ давлати ҳудудида оғир шароитда яшаётган эди.

“Меҳр-2” инсонпарварлик амалиёти доирасида олиб келинган 39 ўғил ва 25 қиз боланинг орасида 14 нафар 3 ёшгача бўлган ҳамда 2 нафар ота-онасидан айрилган жажжи бола бор эди.

 


Мақола муаллифи

Теглар

“Меҳр”

Баҳолаганлар

92

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг