Суриядаги террористик гуруҳларга пул жўнатган андижонлик ошпаз қамалди
3-саҳифа
−
15:41
4132Андижон вилоятидан Сурияда фаолият юритаётган террористик ташкилотларга пул жўнатиб турган шахс 10 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Маълум қилинишича, Андижон шаҳридаги парҳез таомлар ошхонасида ошпаз бўлиб ишловчи З.М. ўз телефони ёрдамида Instagram, Telegram, WhatsApp тармоқларида профиллар очиб, улар орқали диний-экстремистик ташкилотларнинг “ҳижрат” ва “жиҳод” тўғрисидаги материалларини тинглаб, томоша қилиб борган.
Шунингдек, у Суриядаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” ҳамда “Ғуроба катибаси” террористик ташкилотлари сафида бўлган андижонлик 3 фуқаро билан 2023 йилнинг май ойидан мулоқотга киришиб, уларнинг таъсирида Сурияга кетишни мақсад қилган. Лекин, оилавий муаммолар сабабли режаси амалга ошмаган.
Бундан ташқари, 2023 йилнинг август-декабрь ойлари давомида ушбу фуқароларнинг оила аъзолари ва танишлари берган жами 7150 АҚШ доллари ҳамда 41 миллион 230 минг сўм пул маблағини мобил иловалардан фойдаланган ҳолда, криптовалюта билан шуғулланувчи шахсларнинг ҳисоб рақамларига ўтказиш орқали уларга етказиб берган. Яъни, улар ушбу пул маблағларини криптовалюта билан шуғулланувчи шахслардан ўзлари учун зарур бўлган хорижий валюта кўринишида қабул қилиб олган.
Шу билан бирга, З.М. улардан бирининг шаръий никоҳдаги турмуш ўртоғи бўлган, Тошкент шаҳрида яшовчи аёлни 2023 йилнинг 19 декабрь куни “Дўстлик” чегара ўтказиш пункти орқали Қирғизистонга ўтказиб, келгусида Туркия орқали Сурияга етиб бориши учун Ўш шаҳридаги аэропортга кузатиб қўйган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари давомида З.М.нинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилган. У 10 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Қайд этилишича, Суриядаги 3 нафар андижонликдан бири қуролли тўқнашувларда аянчли ўлим топган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Абу Валид“ лақаби билан ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига Сурия жангларидан видеолар жойлаб бораётган Худоёр Бахтиёр ўғли Нуриддиновга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қидирув эълон қилинганди.
LiveБарчаси